Янги Ўзбекистон пойдеворини яратаётган устозлар
Устозлар – ҳаёт йўлларимизни ёритгувчи машъала. Уларнинг сабоғи, йўл-йўриқлари, насиҳатлари эришган ютуқларимизнинг асосий омилларидан саналади. Шу кунларда мамлакатимизда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни кенг нишонланмоқда. Сана муносабати билан пойтахтимизда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “Устоз қадри — миллат қудрати” номли маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Унга юртимизнинг энг илғор устозлари, “Йил ўқитувчиси” Республика танлови ғолиблари, фахрий педагоглар таклиф этилди. Тадбир иштирокчилари Ўзекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, музейлар, театрлар фаолияти билан батафсил танишди.
Мамлакатимиз ўқитувчилари “Янги Ўзбекистон” мажмуасидаги “Мустақиллик монументи” пойига гуллар қўйди. Шу куни пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали тадбир ташкил этилди.
Байрам тадбирига таълимнинг барча бўғинларида меҳнат қилаётган устозлар, фахрий педагоглар, изланувчан ёш ўқитувчилар таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ўқитувичи ва мураббийларига байрам табригида эътироф этилганидек, янги Ўзбекистон пойдеворини яратишда таълим-тарбия, маънавият ва маърифат равнақига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда ўқитувчилик касбини эъзозлаш ва улуғлаш, устозларнинг жамият ҳаётидаги мавқеи ва мақомини тобора юксалтириш бўйича кенг қамровли, тизимли, ибратли амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани фарзандларимиз эришаётган улкан ютуқларда асосий омил бўлмоқда. Яқиндагина ёш шахматчиларимизнинг Самарқандда ўтказилган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасидаги тарихий ғалабасида таълимга қаратилаётган эътибор, устозларнинг ҳам хизматлари беқиёсдир.
Айтиш керакки, ўқитиш тизимини ривожлантиришда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ҳам салмоқли ишлар олиб борилди. Хусусан, мактабгача таълимга қамров даражаси 78 фоизга етказилди. Жорий йил давомида 811 минг нафардан ортиқ 6 ёшли болаларни мактабга тайёрловга жалб қилиш натижасида қамров кўрсаткичини 99,3 фоизга етказиш режалаштирилган.
Педагогларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида жорий йил илк бор “Йил ўқитувчиси” танлови ўтказилди. Президент ташаббуси билан жорий этилган мазкур танлов 3 босқичда ўтказилди. Унда Республика бўйлаб 46 минг нафардан ортиқ педагоглар иштирок этди. Улардан 208 нафар педагог ғолибликни қўлга киритди. 208 та туман (шаҳар) бўйича биринчи ўринни эгаллаган ғолибларнинг ҳар бири 616 миллион сўм (базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 400 баравари) пул мукофоти била тақдирланди.
Мактабгача таълим соҳасидаги педагоглар сони ва уларнинг малака даражаси ҳам йилдан йилга ортиб бормоқда. Мисол учун, 2017 йилда мактабгача таълим ташкилотларидаги жами педагоглар сони 58,4 минг нафарни ташкил этган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 179,5 минг нафарга етди. 2026 йилнинг ўтган даври мобайнида 118 та давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиши натижасида 13 минг 779 та, 1 100 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиши натижасида 42 минг 790 та, жами 56 минг 569 та янги бола ўрни яратилди.
Жорий йилда 768 та мактабда (шундан 36 та янги қурилиш, 502 та реконструкция ва 230 та мукаммал таъмирлаш) қуриш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур ишлар натижасида мактабларда 181,2 минг янги ўқув ўринлари яратилиши, мавжуд 203,3 минг ўринли бинолар мукаммал таъмирланишига эришилади.
PISА 2025 халқаро баҳолаш дастурида мамлакатимиздан халқаро ташкилот томонидан тасодифий танлаб олинган 233 та мактабнинг 8 652 нафар 15 ёшли ўқувчиси тадқиқотда иштирок этди. Натижаларга кўра, ўзбекистонлик ўқувчилар табиий фанлар бўйича 438 балл тўплаб, 91 та давлат ва таълим тизими орасида 48-ўринни, рақамли дунёда ўрганиш бўйича 402,4 балл қайд этиб, 72-ўринни эгаллади.
[photobank-31729]
Мамлакатимиз ёшлари жорий йилда 5 та нуфузли халқаро олимпиадада 20 та (1 та олтин, 8 та кумуш ва 11 та бронза) медални қўлга киритишди. Натижада иқтидорли ўқувчиларимизнинг халқаро илм майдонида сўнгги ўн йилликдаги кўрсаткичи 5 бараварга ошиб, тарихий натижа қайд этилди. 2026 йилда иқтидорли ўқувчиларимиз томонидан 28 та нуфузли, халқаро ва минтақавий олимпиадаларда жами 228 та (38 та олтин, 82 та кумуш ва 108 та бронза) медални қўлга киритди медал қўлга киритди. Бу натижалар мамлакатимизда иқтидорли ёшларни аниқлаш, тизимли тайёрлаш, ғолиб ўқувчилар ҳамда уларнинг устозларини муносиб рағбатлантириш шароитлари ўз самарасини бераётганини кўрсатади.
Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва ўқитиш йўналишида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. 2025-2026 ўқув йилида республика бўйича 400 та мактабда ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш тизими жорий этилди. Мазкур мактаблардаги 1018 та 10-11-синфларда таълим олаётган 23 303 нафар ўқувчилар танлов асосида 2 та йўналишда ишчи ҳамда ахборот технологияларига оид касб-ҳунарларга ўқитилди.
Шунингдек, 400 та мактабга касбий таълим устаси лавозими жорий этилди. 2025-2026 ўқув йили якунида касб-ҳунар ўрганган 9 386 нафар 11-синф битирувчиларига электрон касбий сертификатлар берилди. 2026-2027 ўқув йилида республикамиздаги умумтаълим мактабларида фаолият юритиш учун 40 дан ортиқ хорижий давлатдан 1 400 нафардан ортиқ хорижий мутахассис келган. Мазкур хорижлик мутахассислар вазирлик тизимидаги умумтаълим мактабларида инглиз, корейс, француз, хитой, немис, япон тиллари бўйича таҳсил беришмоқда.
- Устозлари ардоқланган шундай юртда меҳнат қилиш ўқитувчига илҳом, рағбат бағишлайди, - деди Ўзбекистон Қаҳрамони, Хоразм вилояти Гурлан туманидаги Ибн Сино номли 5-мактаб директори Анорхон Маҳмудова. – Ўқитувчиларга кўрсатилаётган бундай эътибор жамият, мамлакат равнақида ўзининг юксак натижаларини намоён этмоқда.
Тантанали тадбирда Ватанимизда кечаётган янгиланиш жараёнлари, устозларга ҳурмат ва эҳтиромни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА мухбирлари