Сирдарёда спорт карвони йўлга чиқди
Сирдарёда ёшларни спортга кенг жалб этиш, спортчилар учун яратилган шароитларни янада яхшилаш ва спорт-таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда. Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида вилоят спорт мактабларини замонавий жиҳозлар, зарур спорт инвентарлари ва спорт кийим-кечаклари билан таъминлаш мақсадида навбатдаги «спорт карвони» йўлга чиқди.
Гулистон олимпия ва паралимпия спорт турларини тайёрлаш марказига қарашли 4-тип спорт мажмуасида бўлиб ўтган тадбирда Спорт вазирлиги томонидан ажратилган спорт анжомлари вилоятдаги спорт мактаблари ҳамда ихтисослаштирилган спорт-таълим муассасаларига тақсимланди. Зарур жиҳозлар махсус транспорт воситаларига юкланиб, ҳудудлардаги белгиланган манзилларга жўнатилди.
Тадбирда вилоят Спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов, спорт-таълим муассасалари раҳбарлари, масъул ходимлар ва ёш спортчилар иштирок этишди.
Янги спорт жиҳозларининг етказиб берилиши, аввало, машғулотларни замонавий талаблар асосида ташкил этиш, спортчиларнинг техник ва жисмоний тайёргарлигини ошириш, машғулотлар сифатини юксалтириш учун муҳим аҳамиятга эга. Бундай имкониятлар ёшларнинг спортга қизиқишини кучайтириш билан бирга, маҳаллалар ва таълим муассасаларида иқтидорли болаларни эрта аниқлаш, уларни спорт мактабларига жалб этиш ва юқори натижаларга тайёрлаш учун кенг йўл очади.
[gallery-30993]
— Бугун йўлга чиққан спорт карвонини ёш спортчилар учун яратилаётган имкониятларнинг мантиқий давоми сифатида баҳолаймиз. Замонавий жиҳозлар билан таъминланган спорт мактабларида машғулотларни сифатли ташкил этиш, спортчиларнинг маҳоратини ошириш учун янада яхши шароит яратилади. Энди асосий вазифа — мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш, ёшларни спортга кенг жалб этиш ва иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш, — дейди Анвар Бўронов.
Спорт карвонининг ҳар бир манзилида янги анжомлар нафақат машғулотларнинг сифати, балки ёшларнинг спортга муносабатига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Зеро, спорт инвентарлари шунчаки жиҳоз эмас. Уларнинг ортида соғлом авлодни тарбиялаш, бўш вақтни мазмунли ташкил этиш, ёшларда ирода ва интилишни шакллантириш, энг муҳими, келажак чемпионларни кашф этишдек эзгу мақсадлар мужассам.
Сирдарёда спортни ривожлантиришга қаратилган бундай амалий қадамлар натижасида спорт мактабларида машғулотлар сифати ошиб, янги истеъдодлар учун имкониятлар кенгайиб боради.
Чунки чемпионлик сари йўл катта мусобақалардан эмас, аввало, спорт залидан, мунтазам машғулотдан, фидойи мураббий меҳнатидан ва яратилган муносиб шароитдан бошланади.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат), ЎзА