Футбол: VAR ҳакамига чора кўрилди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси 18-туридан ўрин олган “Пахтакор” – “Сурхон” учрашувининг 90+4-дақиқасида “Пахтакор” жамоаси томонидан гол урилди. Мазкур вазият VAR ҳаками томонидан кўриб чиқилди. Шундан сўнг бош ҳакам VAR ҳакамининг маълумотига асосан голни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Эксперт ҳакамлар гуруҳи хулосасига кўра, мазкур вазиятда VAR ҳаками хатога йўл қўйган. Яъни, VAR ҳаками бош ҳакамни вазиятни монитор орқали қайта кўриб чиқишга чақирмаган ва шу билан VAR протоколи талабларини бузган.

Натижада бош ҳакам вазиятни шахсан монитор орқали кўриб қарор чиқармасдан, VAR ҳакамининг маълумотига асосан голни бекор қилган.
Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази VAR ҳаками Равшан Абдувоҳидовни белгиланган талабларни бузгани сабабли мавсум якунига қадар VAR ҳакамлигидан четлатди.
Т.Рўзиев, ЎзА