Сирдарёда оммавий югуриш марафони ўтказилди
Гулистон шаҳрида «Ҳарбий югур» ва «Талаба – югур» оммавий спорт мусобақалари доирасида 3 километр масофага югуриш марафони ўтказилди. Унда ҳарбий хизматчилар, талабалар, турли соҳа вакиллари ҳамда спортсевар ёшлардан иборат 2 мингга яқин иштирокчи ўз жисмоний тайёргарлигини синаб кўрди.
Мусобақа аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ёшларни спортга жалб этиш, бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш ва жисмоний фаоллигини ошириш мақсадида ташкил этилди.
Эрта тонгда Гулистон шаҳар истироҳат боғи олдидан старт олган югуриш «Дўстлик» канали бўйлаб давом этди. Иштирокчилар белгиланган йўналиш бўйича 3 километр масофани босиб ўтиб, тезлик, чидамлилик ва жисмоний тайёргарлигини намоён этди.
Тадбир Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси бошқармаси, Сирдарё вилояти спорт бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар бошқармаси, Миллий гвардия ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
[gallery-31705]
Марафонда ёшлар, хусусан, талабалар фаол иштирок этди. Гулистон давлат педагогика институти талабаси Зиёда Тожибоева ҳам 3 километрлик масофани босиб ўтди.
— Бундай тадбирлар ёшларни спортга қизиқтиради, фаол бўлишга ундайди. Бугун тенгдошларим билан бирга югуриб, яхши таассурот олдим. Спортни кундалик ҳаётимизга сингдириш муҳим, — деди талаба.
Гулистон шаҳар спорт мактаби шифокори Толиб Исматуллаевнинг таъкидлашича, мунтазам жисмоний фаоллик инсон саломатлигини асрашда муҳим омиллардан бири.
— Инсон ёшлигидан ҳаракатга одатланса, бу унинг кейинги ҳаёт тарзига ҳам таъсир қилади. Оммавий югуришлар эса одамларни бир мақсад атрофида бирлаштириб, спортга қизиқишни кучайтиради, — дейди у.
Мусобақа давомида иштирокчилар ўртасида соғлом рақобат муҳити юзага келди. Айримлар юқори натижа қайд этиш учун тезликни оширган бўлса, бошқалар учун белгиланган масофани босиб ўтишнинг ўзи муҳим натижа бўлди. Шу тариқа марафон профессионал спортчилар билан бир қаторда жисмоний фаолликка қизиқувчи аҳоли ва ёшларни ҳам бир майдонга жамлади.
Мусобақа якунига кўра, ҳарбий хизматчилар ўртасида эркаклар баҳсида Фахриддин Амитов, аёллар ўртасида эса Моҳира Ниёзова ғолибликни қўлга киритди. «Талаба – югур» мусобақасида Лочинбек Жумаев ва Саида Тоғаева биринчи ўринни эгаллади.
Ғолиб ва совриндорлар мусобақа якунида ташкилотчилар томонидан тақдирланишди.
Гулистонда ўтказилган мазкур марафон оммавий спортни аҳоли ҳаётига янада кенгроқ олиб кириш, ёшларни мунтазам жисмоний фаолликка жалб этиш ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган навбатдаги тадбир бўлди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат)ЎзА