I Марказий Осиё талабалар спорти халқаро форумида халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда
Бугун Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида I Марказий Осиё талабалар спорти халқаро форуми доирасида халқаро учрашув ва байрам тадбири ўтказилди.
Унда Халқаро университет спорт федерацияси (FISU) президенти Леонз Эдер, FISU Бош котиби ўринбосари Фернандо Силва Паренте, Марказий Осиё талабалар спорти федерацияси президенти Қайрат Қайратуллинович, Мўғулистон талабалар спорти федерацияси Бош котиби Жаргалсайхан Доржсурен, Тожикистон талабалар спорти федерацияси раиси Шоди Сафаров ҳамда Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси вакиллари иштирок этди.
Халқаро меҳмонлар дастлаб университет музейи билан танишиб, олийгоҳнинг фаолияти, таълим жараёни ва спорт инфратузилмаси ҳақида маълумот олди.
[gallery-31726]
Шундан сўнг ўтказилган учрашувда талабалар спортини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва алмашиш ҳамда истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди. Учрашув якунида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда FISU ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
Форум доирасида FISU президенти Леонз Эдер бошчилигидаги делегация Олимпия шаҳарчасига ҳам ташриф буюрди.
Дастлаб меҳмонлар Спорт вазирлигининг маъмурий биносида ташкил этилган Олимпия ва паралимпия шон-шуҳрати музейида Олимпия ва Паралимпия ҳаракати тарихи, Ўзбекистон спортининг ривожланиш босқичлари, мамлакатимиз спортчиларининг халқаро мусобақалардаги ютуқлари, шунингдек, спорт соҳасига оид ноёб экспонатлар ва тарихий материаллар билан танишди.
Шундан сўнг делегация аъзолари Олимпия шаҳарчасидаги замонавий спорт иншоотлари, ўқув-машғулот базалари ҳамда спортчилар учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди.
Меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан барпо этилган мазкур замонавий ва ноёб спорт мажмуаси мамлакатда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, юқори малакали спортчиларни тайёрлаш ҳамда халқаро мусобақаларни юқори савияда ўтказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, спортчилар учун яратилган имкониятларни юксак баҳолади.
Шу билан бирга, Спорт вазири ўринбосари Мурод Исмаилов иштирокида ўтказилган учрашувда FISU аъзолари билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, спорт инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда келгусида халқаро мусобақаларни Ўзбекистонда ўтказиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар мазкур йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ўзаро тажриба алмашишни кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Алмурод Мамадаминов (сурта), ЎзА