Сирдарёда ичимлик ва оқова сув тармоқлари янгиланмоқда (+видео)
Сирдарё вилоятининг маркази Гулистон шаҳри 1961 йилда ташкил этилган бўлиб, ўтган асрда барпо қилинган канализация ва ичимлик суви тармоқлари анчагина эскириб, 100 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган кентга мутлақо мос келмасди.
Кейинги йилларда Гулистон энига ва бўйига ўсди, ўз навбатида аҳоли сони ҳам кўпайди. Шу боис ўтган асрда қурилган канализация тизими бугунги урбанизация шиддатига дош беролмай қолади ва натижада экологик муҳит бузилади, одамларнинг норозилиги ва мурожаатларининг сони йил сайин ошиб борди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 февралдаги “Ислом тараққиёт банки иштирокида «Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарларида канализация тизимларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Ислом тараққиёти банкининг 58 млн долларлик кредит маблағлари ҳисобига Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарларида 3 та оқова сув ҳайдаш иншоотини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари олиб борилди. Бугунги кунда Ширин ва Янгиер шаҳарларидаги оқова сув тозалаш иншоотлари тўлиқ, Гулистон шаҳридаги иншоот тест режимида ишга туширилди.
Натижада 140 минг аҳолининг оқова сув таъминоти яхшиланиб, шаҳарнинг экологик ва санитария-эпидемиологик ҳолати талаб даражасига етди. Аҳоли саломатлиги кўрсаткичлари яхшиланди ва турмуш шароитлари, кайфияти ўзгарди. Табиат ва атроф-муҳит зарарланишининг олди олинди.
Бугунги кунда ҳудудда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 сентябрдаги қарори асосида 76 млн долларлик Жаҳон банкининг кредит маблағлари ҳисобидан 2024-2027 йиллар учун мўлжалланган Сирдарё, Гулистон ва Сайҳунобод туманлари ва Янгиер шаҳрида ичимлик сув таъминотини ҳамда 5 та туман марказларида оқова сув таъминотини яхшилаш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида Боёвут, Оқолтин, Гулистон, Сирдарё ва Сардоба туман марказларида 5 та умумий қуввати 16 700 м3/сутка оқова сув тозалаш иншоотлари, 232.2 км оқова сув тармоқлари ва 21 та янги оқова сув насос станцияларини қуриш ишлари олиб борилади.
Натижада, 76 минг аҳоли истиқомат қилаётган ушбу ҳудудларнинг оқова сув тизими ҳамда санитария-эпидемиологик ҳолати яхшиланади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/iP6XeqdZG44?si=yXA7BpmrfdIxvz_B" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Санжар Тошпўлатов,Шаҳриёр Ортиқбоев, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА