Оромгоҳлар мавсумга ҳозирланмоқда
Самарқанд вилоятида бу йил ёзги мавсумда 14 та доимий оромгоҳда 8700 нафардан ортиқ болаларни соғломлаштириш режалаштирилган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси қошидаги болаларни соғломлаштириш департаменти ва бошқа идораларга тегишли, шунингдек, хусусий бу оромгоҳларда болалар июнь-август ойлари давомида беш даврада дам олиши кўзда тутилган.

Айни пайтда оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш жараёнида муассасаларда болалар учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш, хавфсизликни таъминлаш, зарур мебель ва бошқа воситалар билан жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда.
– Оромгоҳларда болаларни қабул қилишдан олдин қатор санитария-гигиена ва эпидемиологик талабларни бажариш керак бўлади, – дейди санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Латиф Рустамов. – Бу ҳақда барча оромгоҳлар мутасаддиларига кўрсатмалар берилган. Шу асосида айни кунларда оромгоҳларда ҳудудни ободонлаштириш, биноларни таъмирлаш ва тозалаш, ичимлик суви ҳамда оқова сув тизимларини дезинфекция қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Ётоқхона, ошхона ва тиббиёт хоналари санитария талабларига мос равишда жиҳозланмоқда.

Ошхоналарга қўшимча музлаткичлар, мармитлар ва зарур технологик жиҳозлар ўрнатилмоқда. Оқартириш ва дезинфекция воситалари захираси шакллантирилиб, ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда санитария минимум ўқувларини ташкил этиш ишлари назоратга олинган. Чўмилиш бассейнларини таъмирлаш ва дезинфекция қилиш, тиббиёт пунктларини дори-дармон воситалари билан таъминлаш, ҳудудларнинг тунги ёритиш тизимларини яхшилаш ишлари ҳам назоратга олинган. Ҳар бир оромгоҳда пирометр, антисептик воситалар ва зарур тиббий жиҳозлар бўлиши шарт этиб белгиланган.
Мутасаддилар томонидан озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ҳам қатъий назорат қилинмоқда. Оромгоҳларга фақат сифатини тасдиқловчи ҳужжатларга эга маҳсулотларни қабул қилиш бўйича тегишли ташкилотлар билан шартномалар тузилмоқда. Санэпидқўмита мутахассислари томонидан барча оромгоҳлар босқичма-босқич ўрганилиб, санитария-гигиена талаблари тўлиқ бажарилгандан кейингина фаолият бошлаш учун рухсатнома берилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири