Сирдарёда 6 та тиббиёт муассасаси фаолияти вақтинча тўхтатилди
Сирдарё вилоятида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббий хизмат сифатини ошириш мақсадида ўтказилган назорат тадбирлари давомида бир қатор қоидабузарлик ҳолатлари аниқланди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Сирдарё вилоят бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан амалга оширилган ўрганишлар натижасида тиббиёт муассасаларида санитария-эпидемиологик талабларга риоя этилмаган ҳолатлар қайд этилди.

Текширувлар давомида 309 та даволаш-профилактика муассасаси фаолияти таҳлил қилингани маълум бўлди. Шундан 166 таси давлат, 143 таси хусусий тиббиёт муассасаси ҳисобланади.

Жорий йилнинг дастлабки уч ойида хусусий секторга қарашли 25 та муассасада профилактик ўрганишлар ўтказилган бўлса, 166 та давлат тиббиёт муассасасининг 148 тасида санитария назорати амалга оширилди.

– Аниқланган камчилик ва қоидабузарликлар юзасидан тегишли чоралар кўрилиб, энг жиддий ҳолатларда 6 та давлат ва нодавлат тиббиёт муассасасининг фаолияти вақтинча тўхтатилди. Шунингдек, қўпол ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган 88 та муассаса бўйича Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 53-моддаси асосида чоралар кўрилди, 54 нафар масъул шахс эса лавозимидан четлатилди, – дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи Жўрабек Ҳасанов.
Мутахассислар таъкидлашича, ушбу назорат тадбирлари тиббиёт муассасаларида санитария талабларига риоя этилишини кучайтириш, тартиб-интизомни мустаҳкамлаш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири