Сирдарё IT соҳасида янги ҳамкорликларга йўл очмоқда
«ICTWEEK Uzbekistan 2026» доирасида Сирдарё вилояти ҳокимлиги, IT Park Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятидаги филиали ҳамда Малайзиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ўртасида учрашув ўтказилди.
Унда Сирдарё вилояти ҳокимининг сунъий интеллект ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси Ойбек Анваров, IT Park Сирдарё вилояти филиали бошлиғи Хуршид Сувонов ҳамда Малайзия элчихонаси вакиллари иштирок этишди.
Мулоқотда Сирдарёнинг рақамли иқтисодиёт ва IT соҳасидаги салоҳияти, хорижий компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини жалб этиш ҳамда рақамли хизматлар экспортини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда қайд этилганидек, бугун рақамли технологиялар нафақат IT соҳаси, балки иқтисодиётнинг турли тармоқларида самарадорликни ошириш, янги хизмат турларини яратиш ва замонавий иш ўринларини ташкил этишда муҳим омилга айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, Сирдарёда технологик лойиҳаларни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Томонлар Малайзиянинг ахборот-коммуникация технологиялари ва сунъий интеллект соҳасида фаолият юритаётган компанияларини Сирдарёдаги лойиҳаларга жалб этиш имкониятларини кўриб чиқди. Шунингдек, IT-экспортни кенгайтириш, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, сунъий интеллект ечимларини иқтисодиёт ва бошқарув тизимига жорий этиш бўйича тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Ёш мутахассислар ва стартапларни қўллаб-қувватлаш ҳам мулоқотнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Хусусан, замонавий касбларга ўқитиш, мутахассисларнинг амалий кўникмаларини ошириш, стартап лойиҳаларини акселерация дастурларига жалб қилиш ва қўшма таълим лойиҳаларини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Малайзиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Арҳан Шаҳ Ануар Сирдарёда рақамли технологиялар соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд салоҳиятга қизиқиш билдирди. У вилоятга расмий ташриф билан келиш истагини билдириб, ҳамкорликнинг амалий йўналишларини бевосита ўрганиш муҳимлигини таъкидлади.
Сирдарёда IT соҳасида инфратузилмани ривожлантириш, маҳаллий компаниялар ва стартапларни қўллаб-қувватлаш, малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда IT-хизматлар экспортини ошириш бўйича ишлар изчил давом этмоқда. IT Park Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятидаги IT экотизимини ривожлантириш бўйича сўнгги ташрифида ҳам инфратузилма, кадрлар, стартаплар ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш устувор йўналишлар сифатида белгиланган.
Малайзия билан рақамли технологиялар йўналишидаги ҳамкорлик эса ушбу жараённинг халқаро шерикликлар билан бойишида муҳим аҳамият касб этади. Аввалроқ Ўзбекистон ва Малайзия томонлари рақамли иқтисодиёт, инновациялар, IT-компаниялар ўртасидаги ҳамкорлик ва Сирдарёда савдо-инвестиция алоқаларини ривожлантириш масалаларини ҳам муҳокама қилишган.
Учрашув якунида томонлар рақамли технологиялар соҳасидаги мулоқотни давом эттириш, истиқболли лойиҳаларни биргаликда ўрганиш ва амалий ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олишга келишиб олишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири