Бизнес-омбудсман тадбиркорлар билан мулоқот қилди
Бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиётининг драйверига айланган хусусий секторни ривожлантириш ва бизнес вакиллари учун қулай муҳит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Бироқ, ишбилармонлик муҳитини шакллантириш нафақат имтиёзлар бериш, балки тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бюрократик тўсиқлар ҳамда ноқонуний аралашувлардан ишончли ҳимоя қилишни ҳам талаб этади.
Мамлакатимизда ушбу масъулиятли вазифани бажаришда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман институти муҳим кўприк ва ҳақиқий ҳимоячи вазифасини ўтамоқда.
Хусусан, ҳудудларда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва соҳа вакилларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш мақсадида Бизнес-омбудсман Абдуманноп Бўриев Тошкент вилоятига ташриф буюрди.
Оҳангарон туманидаги “Ohangaron Tech Industrial” технопарки ҳудудида ташкил этилган учрашув 30 нафар тадбиркор билан очиқ ва бевосита мулоқот майдонига айланди. Махсус индустриал саноат зонасида фаолият юритаётган ишбилармонларнинг таклиф ва муаммоларини тинглаш, уларнинг эркин ривожланиши йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш учрашувнинг бош мавзуси бўлди.

Учрашувда божхона ва қурилишга рухсат олиш, йўл инфратузилмаси ҳамда назорат органлари фаолияти билан боғлиқ масалалар ва таклифлар тингланди. Шунингдек, Бизнес-омбудсман “Premier” заводи ва мис ишлаб чиқарувчи корхона фаолияти ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларининг ташкил этилиши билан яқиндан танишиб, тадбиркорларнинг фаолиятига оид масалаларни муҳокама қилди ва уларни ҳал этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берди.

Тошкент вилоятига ташрифи давомида Бизнес-омбудсман Абдуманноп Бўриев Оҳангарон шаҳар Маданият марказида 150 дан зиёд тадбиркорлар ва назорат қилувчи органлар вакиллари иштирокида учрашув ўтказди.
Сайёр қабулда солиқ имтиёзларини қўллаш, инфратузилмани ривожлантириш, хусусийлаштириш, имтиёзли кредит ажратиш ва бошқа масалалар билан боғлиқ мурожаатлар ўрганилиб, мутахассислар иштирокида аниқ жавоблар берилди.

Билдирилган мурожаатлар юзасидан Бизнес-омбудсман ва кадастр вакиллари иккита объектга бевосита чиққан ҳолда ҳолатни жойида ўрганадиган бўлди.
Тадбирда 40 дан ортиқ ёш тадбиркорлар ҳам иштирок этди. Уларнинг 15 нафарига ўқиш учун субсидия олиш ҳуқуқини берадиган сертификатлар топширилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА