Сирдарё ҳавзаси суви қўшни давлатлар билан ҳамкорликда муҳофаза қилинади
Тошкентда Сирдарё ҳавзаси сувини муҳофаза қилиш ва сифатини таъминлаш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон – Қозоғистон ишчи гуруҳининг 5-йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Давлат экология қўмитаси, Ўзгидромет, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимларидан иборат мутахассислар, шунингдек, Марказий Осиё Минтақавий экология маркази, Қозоғистон Республикаси Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги, Қозоғистон гидрометеорология хизмати, Қирғизистон ва Тожикистон экология қўмитаси вакиллари иштирок этган тадбирда ишчи гуруҳ томонидан Сирдарё ҳавзаси суви сифатини назорат қилиш бўйича 2021-2022 йилларда амалга оширилган ишлар ҳисоботи тингланди.

Ўтган даврда олинган сув намуналари таҳлили натижаси, биргаликдаги назорат тадбирлари, сувни ифлослантирувчи асосий манбалар, сув сифатига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар юзасидан тақдимотлар намойиш этилди. Юзага келаётган айрим муаммоларни бартараф қилишга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилиниб, бу борада қўшни давлатлар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар кўламини янада кенгайтириш масаласи кўриб чиқилди.
Тажриба алмашинуви доирасида Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ҳамда Туркистон ва Қизил Ўрда вилоятлари экология департаменти томонидан Сирдарё ҳавзалари ва бошқа ирмоқларида ўтказилган назорат тадбирлари натижаси ва келгуси режалар бўйича маълумот алмашилди.
Халқаро экспертларнинг сув сифатини таъминлаш борасидаги таклиф, тавсиялари тингланди.
Йиғилиш якунида 2023 йил учун назарда тутилган ишлар режаси келишиб олинди.
ЎзА