Синхрон сузувчиларимиз Осиё чемпиони
Таиландда сув спорти турлари бўйича давом этаётган Осиё чемпионатида мамлакатимизнинг синхрон сузувчилари муваффақиятли қатнашмоқда.
Ёш гуруҳлари ўртасида синхрон сузиш мусобақасининг биринчи кунида маҳоратли спортчиларимиз иккита олтин медални қўлга киритди.
Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Дариа Кочнева техник яккалик баҳсларда жамоанинг биринчи олтин медалига сазовор бўлди.
“А” гуруҳида баҳс олиб борган терма жамоамиз аъзоси Даря Кочнева 219.0758 балл жамғарган ҳолда шоҳсупанинг энг юқорисидан жой эгаллаган бўлса, кейинги ўринлар сингапурлик Кира Ли Жиа Хуан (209.6417) ва қозоғистонлик София Харченко (186.8417)га насиб этди.
Мусобақанинг техник дуэт йўналишида ҳамюртларимиз Хадича Агзамова ва Сабина Маҳмудова Ўзбекистон жамоаси учун иккинчи олтин медални тақдим этди.
Ўзбекистонлик синхрон сузувчиларнинг дуэти ҳакамлар томонидан 253.3141 балл билан баҳоланди ва бу уларни чемпионатнинг олтин медалларига эга чиқишини таъминлади. 2 ва 3-ўринларга Макпал Кальмурза/Даяна Джаманчалова (Қозоғистон) ҳамда Ёнг Жиа Йи/Ган Юе Тҳоонг (Малайзия) эга чиқди.
Мусобақалар давом этмоқда.
Т. Рўзиев, ЎзА