"Маҳалла лигаси" ғолиблари аниқланди
Сирдарё вилоятида ёшларни оммавий спортга кенг жалб этиш, маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ҳамда иқтидорли спортчиларни саралаб олишга қаратилган "Маҳалла лигаси" спорт мусобақаларининг ҳудудий (III босқич) беллашувлари кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 декабрдаги “Жамоавий спорт турларини ривожлантириш ва иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган мусобақалар маҳаллаларда оммавий спортни янада ривожлантириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларнинг жисмоний фаоллигини оширишга хизмат қилди.
Беллашувлар Сирдарё вилоятидаги 4-тип спорт мажмуаси, Сирдарё вилояти педагогика институтининг очиқ спорт майдони ва Гулистон шаҳридаги 2-умумтаълим мактаби спорт залида ўтказилди.
Ҳудудий босқичда вилоятнинг барча 11 та шаҳар ва туманидан сараланган жамоалар иштирок этди. Жами 67 та маҳалладан 132 та жамоа таркибида 437 нафар спортсевар ғолиблик учун куч синашди.
Мусобақалар шахмат, шашка, воркаут, стритбол, волейбол, минифутбол ҳамда стол тенниси спорт турлари бўйича ўтказилиб, ҳар бир беллашув юқори рақобат, муросасиз кураш ва ҳақиқий спорт руҳи остида кечди.
Қизғин баҳслар якунига кўра, шахмат бўйича Боёвут туманининг «Олмазор» маҳалласи, аёллар ўртасида эса Бунёдкор маҳалласи жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Шашка бўйича Сирдарё туманининг Ҳикматли маҳалласи, аёллар баҳсида эса Ширин шаҳрининг «Фарҳод» маҳалласи ғолиб деб топилди. Воркаут бўйича Оқолтин туманининг Кўркам диёр маҳалласи жамоаси энг юқори натижани қайд этди.
[gallery-30492]
Стритбол бўйича эркаклар ва аёллар ўртасидаги баҳсларда Боёвут туманининг Марказ маҳалласи жамоалари ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Волейбол бўйича Мирзаобод туманининг Янги ҳаёт маҳалласи жамоаси, аёллар ўртасида эса Янгиер шаҳрининг Давлатобод маҳалласи жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Минифутбол бўйича Боёвут туманининг Бекат маҳалласи жамоаси ғолиб деб топилди. Стол тенниси бўйича Мирзаобод туманининг Оқолтин маҳалласи, аёллар ўртасида эса Сирдарё туманининг Адолат маҳалласи вакиллари энг яхши натижани қайд этди.
Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Уйғун Ҳотамов иштирокчиларни муносиб натижалари билан табриклади. У ўз нутқида кейинги йилларда мамлакатимизда оммавий спортни ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини, “Маҳалла лигаси” эса маҳаллаларда спорт маданиятини юксалтириш, ёшларни соғлом ҳаёт тарзига кенг жалб этиш, иқтидорли спортчиларни аниқлаб, уларнинг кейинги босқич мусобақаларида муносиб иштирок этиши учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, мусобақалар маҳаллалар ўртасида дўстона муҳитни мустаҳкамлаш, жамоавийлик руҳини кучайтириш ва аҳолининг, айниқса ёшларнинг спортга бўлган қизиқишини янада оширишга муносиб ҳисса қўшиши қайд этилди.
Тадбир якунида барча спорт турлари бўйича ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом, медаль, кубок ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Энди ҳудудий босқич ғолиблари республика босқичида Сирдарё вилояти шарафини ҳимоя қилишади.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА