Синтетик гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди
Сўнгги йилларда ёшлар саломатлиги ҳамда жамият хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётган синтетик гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Айниқса, таркибида ўта хавфли кимёвий бирикмалар мавжуд бўлган “Спайс” каби синтетик гиёҳванд моддалар инсон организмига кучли салбий таъсир кўрсатиб, оғир ва қайтариб бўлмас оқибатларга олиб келиши билан алоҳида хавф туғдиради.
Ана шундай қонунбузилишларнинг олдини олиш мақсадида Хоразм вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари, вилоят ДХХ ҳамда ИИБ ходимлари томонидан ҳамкорликда Ҳазорасп тумани ҳудудида тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида ушбу туманда яшовчи фуқаронинг хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, жами 57 та ўрамда, умумий оғирлиги 146 грамм бўлган “Спайс” синтетик гиёҳвандлик воситалари сақлаб келинаётгани аниқланди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А.Шокиров, ЎзА мухбири