Синдаровнинг навбатдаги юриши, Остонадаги ғалаба ва мамлакат ареналаридаги чемпионлар
Ўзбекистонлик спортчилар мамлакатимизда ва хорижда ўтказилаётган мусобақаларда муносиб натижаларни қайд этмоқда. Футбол, дрифт, шахмат, эркин кураш, от спорти ва теннис йўналишларидаги сўнгги янгиликлар, шунингдек, ёш футболчилар тайёргарлигини такомиллаштиришга қаратилган халқаро ҳамкорлик эътибор марказида.
Футбол: Тошкент шаҳрида 2010 ва 2012 йилларда туғилган футболчилар ўртасида Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчилиги мусобақалари якунланди. Унда U16 ёш тоифасида «Оқтепа» жамоаси финалда «Пахтакор»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, биринчи ўринни эгаллади. «Чиғатой» футбол маҳорат мактаби учинчи бўлди.
U14 ёш тоифасида эса «Пахтакор» ғолибликни қўлга киритди. Финалда жамоа «Бунёдкор» билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаб, пенальтилар сериясида 3:1 ҳисобида устун келди. «Насаф» футбол маҳорат мактаби учинчи ўринни эгаллади.
***
Дрифт: Дрифт бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионати иккинчи босқичи якунланди. Унда Жамоавий баҳсларда UZMAMF Racing Team биринчи, «Приехавшие» иккинчи, DOPPI Team учинчи ўринни эгаллади. Мутлақ ҳисобда эса Тимур Губаев ғолиб бўлди. Диёрбек Шодиев иккинчи, Ли Сенман учинчи ўринни банд этди.
***
Шахмат: Швейцариянинг Женева шаҳрида ўтадиган шахмат бўйича жаҳон чемпионлиги учун баҳсда иштирокчиларнинг илк партиядаги ранглари аниқланди. Қуръа натижасига кўра, Ўзбекистон вакили Жавоҳир Синдаров амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражуга қарши биринчи партияни оқ доналарда ўтказади. Жаҳон шахмат тожи учун баҳснинг илк партияси 24 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланади.
***
Футбол: Ўзбекистон футбол ассоциациясининг нуфузли ёшлар футболини ривожлантириш ҳамда мураббийлар таълими бўлимлари мутахассислари Испаниянинг «Барселона» клуби академияси фаолияти билан танишмоқда.
Ташриф давомида ёш футболчилар машғулотларини режалаштириш ва ташкил этиш, уларнинг индивидуал ривожланишини кузатиш, шунингдек, мураббийларни тайёрлаш бўйича илғор тажрибалар ўрганилмоқда. Мазкур ҳамкорлик ёшлар футболи ва мураббийлар таълими тизимини такомиллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
***
Спорт курашлари: Тошкент шаҳрида эркин кураш бўйича U-20 ёш тоифасидаги Ўзбекистон чемпионати бошланди. Мусобақанинг биринчи куни бешта вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. 57 килограммгача вазнда Жаҳонгир Тўлқинов, 65 килограммда Камрон Нуруллаев, 74 килограммда Фаррух Жуманазаров, 86 килограммда Сардорбек Ғаффуров, 97 килограммда эса Улуғбек Ортиқов чемпионга айланди.
***
От спорти: Қозоғистоннинг Остона шаҳрида от спортининг конкур йўналиши бўйича FEI Жаҳон кубоги — Евроосиё лигаси финали доирасида баландлиги 155 сантиметр бўлган Гран-при мусобақаси ўтказилди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Бекзод Қурбонов «MATTS V.G.» лақабли оти билан барча рақибларидан устун келиб, биринчи ўринни эгаллади.
***
Теннис: Андижон шаҳрида теннис бўйича ўсмирлар ўртасидаги халқаро «J30 Andijan Open» турнири ўз якунига етди. Ўғил болалар ўртасидаги яккалик баҳсларида ўзбекистонлик Ахмаджон Тошмуҳамедов бош совринга сазовор бўлди. Сомон Амонов (Тожикистон) иккинчи ўринни эгаллади.
Қизлар ўртасида Мария Мальцева ғолибликни қўлга киритди, Дарина Масаутова иккинчи бўлди. Жуфтлик баҳсларида ўғил болалар ўртасида Арциом Аскирка ва Марк Хайдт, қизлар ўртасида эса Мария Козлова ва София Сорокина бош совринни қўлга киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА