Сифатли ёқилғига ўтилиши натижасида автотранспорт ташламалари 15 фоизга камайган
Ҳаво ҳарорати пасайиши билан атмосфера таркибида салбий ўзгаришлар кузатилмоқда. Айниқса, Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси таркибидаги зарарли моддалар ҳажми белгиланган талаблардан ошиб кетмоқда.
Бу эса атмосфера ҳавоси ёмонлашишининг олдини олиш, экологик тоза ва ресурс тежамкор технологияларни жорий этишни рағбатлантиришни тақозо этади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган йиғилишда мамлакатимизда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда бир қатор ҳужжатлар асосида атроф-муҳитни, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаганлик учун жавобгарлик чораларини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Президентимизнинг “Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
— Соҳада қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ўрганганимизда атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш, кўкаламзорлаштириш кўламини кенгайтириш, энергетика ва саноат объектларининг экологик таъсирини қисқартириш, чанг таъсирини ва автотранспорт воситаларидан чиқадиган зарарли ташламаларни камайтириш, қурилиш объектларида чанг тарқалишининг олдини олиш ҳамда Тошкент шаҳрининг экологик инфратузилмасини яхшилаш бўйича муайян ишлар амалга оширилган, — дейди депутат Ойбек Раҳимов. — Хусусан, “Яшил макон” ташаббуси доирасида баҳорги мавсумда 81 млн туп дарахт экилган. Орол денгизининг қуриган туби, Оролбўйи ва бошқа чўл ҳудудларида 194 минг гектардан ортиқ яшил қопламалар барпо этилган. Республика бўйича 2,2 млн дан ортиқ автотранспорт воситасига экологик стикер берилган. “Автомобилсиз кун” тадбирлари амалга оширилиши натижасида атмосферага ташламалар камайишига эришилган. Юқори экологик талабларга жавоб берадиган ёқилғига ўтилиши натижасида автотранспорт ташламалари 15 фоизга камайган.
Муҳокамаларда қайд этилганидек, атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага кирувчи саноат корхоналарининг атмосферага таъсирини камайтириш мақсадида 126 та корхонада 330 та ускуна тўлиқ модернизация қилинган. 5 минг 500 дона фильтрлар алмаштирилиши натижасида атмосфера ҳавосига 14 минг тонна ташламалар чиқарилиши олди олинган.
Тошкент шаҳрида эса бир қатор фавворалар ишга туширилган, асосий автомобиль йўллари ва йўл четларидаги яшил ҳудудларни суғориш ишлари йўлга қўйилган. Қарийб 2,8 минг кв. метр гулзор ва буталарни сунъий суғориш тармоғи орқали суғориш ишлари ташкил этилган.
Муҳокамаларда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишни янада кучайтириш мақсадида саноат ва энергетика объектларини экологик модернизация қилиш, қурилиш объектларини экологик мониторинг тизимлари билан тўлиқ қамраб олиш, яшил ҳудудларни суғориш тизими билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш лозимлиги қайд этилди.
М.Комилова, ЎзА