Қонунни яхши билган судья инсонни ҳам тушуниши керак
Судьялик катта масъулият ва руҳий бардош талаб этадиган касб. Мураккаб ишлар, инсонлар тақдирига дахлдор қарорлар ва юқори иш юкламаси судьянинг руҳий ҳолатига қандай таъсир қилади? Одил судловни таъминлашда касбий билимдан ташқари яна қандай фазилатлар муҳим?
Шу саволлар атрофида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши аъзоси Хуршид Садиков билан қисқа суҳбат қилдик.
– Судьялар фаолиятидаги асосий қийинчиликлар нималардан иборат? Уларнинг руҳий ҳолатига ҳам эътибор қаратиладими?

– Аввало, судья ҳам инсон эканини унутмаслигимиз керак. Унинг ҳам оиласи, шахсий ҳаёти ва муаммолари бор. Шу билан бирга, ҳар куни инсонлар тақдирига дахлдор мураккаб ишларни кўради. Бу катта руҳий босимни юзага келтиради.
Мен ўзим ҳам судья бўлиб ишлаганман. Айрим ишлар бўйича ҳақиқатни аниқлаш шунчалик қийин кечганки, улар ҳатто тушимга кирган. Эрталаб ишга кетаётиб ҳам жиноятни ким содир этгани, муайян шахснинг воқеага алоқаси бор-йўқлиги ҳақида ўйлаганман. Бундай ҳолатда ишдаги ташвишларни уйга олиб бормаслик осон эмас. Шу боис судьялар ва суд ходимлари билан психологларнинг ишлашини йўлга қўйишни режалаштиряпмиз. Мақсад уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва зарур психологик ёрдам кўрсатиш.
– Иш ҳажми катта, руҳий босим юқори. Бундай шароитда судья қандай фазилатларга эга бўлиши керак?
– Биринчи навбатда, ҳаётий тажрибага. Шунинг учун қонунчиликда судьяликка номзоднинг энг кичик ёши 35 ёш, юридик иш стажи эса камида етти йил этиб белгиланган. Судья шошма-шошарликка йўл қўймаслиги, вазиятни чуқур таҳлил қила олиши, маънавий жиҳатдан етук бўлиши керак. Яна бир муҳим талаб халқчиллик. Судга турли шароитда яшаётган инсонлар келади. Судья уларнинг ҳолатини тушуниши, ҳеч кимга юқоридан туриб муомала қилмаслиги лозим.
– Судьяда бундай дунёқарашни шакллантириш учун нималарга эътибор бериш керак?
– Кўп китоб ўқиш керак. Айниқса, халқимизнинг ҳаёти, одамларнинг турмуши ва кечинмаларини акс эттирган асарларни мутолаа қилиш муҳим. Шу мақсадда ёш судьяларга “Мутолаа” лойиҳасини тавсия қилдик. Судьяларимиз унга аъзо бўлди. Китобхонлик танловларини ҳам ташкил этдик. Уларда халқ ҳаётини ёритадиган романларга алоҳида эътибор қаратдик. Чунки судья ўзи яшаётган жамиятни яхши билиши, одамларнинг дардини ҳис қила олиши зарур.
– Судьяликка номзодларни танлашда бу фазилатлар қандай баҳоланади?
– Ҳозир судья бўлиш учун Одил судлов академиясида таҳсил олиш талаб этилади. Академияга қабул жараёнида номзоднинг ҳуқуқий билими билан бирга, шахсий фазилатларини ҳам ўрганамиз. Суҳбат давомида унинг қандай инсон сифатида шакллангани, судьялик масъулиятига қай даражада тайёрлигини баҳолаймиз. Шундан сўнг муносиб номзодлар сараланиб, судьялик фаолиятига тайёрланади. Зеро, судья учун қонунни мукаммал билишнинг ўзи кифоя эмас. У ҳаётни тушунадиган, маънан етук ва масъулиятли инсон бўлиши керак.
ЎзА мухбири Дилшод ҲАКИМОВ суҳбатлашди.