Ўзбекистон миллатлараро муносабатларда устуворликка эришган мамлакат
Ўзбекистон Миллий университетида “Марказий Осиёда диаспоралар тарихи ва ҳозирги замон” мавзусида ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуманда хорижлик олимлар мамлакатимиз миллатлараро муносабатларда, миллий маданий марказларни қўллаб-қувватлашда устуворликка эришаётган давлатлардан бири эканлигини эътироф этишди.
XXI аср том маънода глобаллашувнинг чуқур илдиз отишига олиб келдики, бу, жаҳон ижтимоий-маънавий ҳаётида, инсоният турмуш тарзида яққол ўз ифодасини топмоқда.
Қисқа фурсатда технологияларнинг беқиёс ривожланиши рўй бериши жараёнида миллий, ирқий, диний, ҳудудий ва бошқа кўринишдаги низо ва қарама-қаршиликлар бўй кўрсатишига, инсоният олдига катта хатарларнинг олдини олиш вазифасини, иллатларга ечим топиш масаласини кун тартибига олиб чиқмоқда.

Ўзбекистон Миллий университети “Ўзбекистоннинг энг янги тарихи” кафедраси ҳамда Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик илмий маркази томонидан ташкил этилган “Марказий Осиёда диаспоралар тарихи ва ҳозирги замон” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманда ушбу масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
Айтиш лозимки, Марказий Осиё минтақасида турли халқларнинг диаспоралари йиллар давомида шаклланган бўлиб, мамлакатларнинг барқарорлиги ва тараққиётида уларнинг алоҳида ўрни бўлиб келган.

Бугун жаҳон ҳамжамиятида, хусусан мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, ҳар бир халқнинг қадриятларини қадрлаш, қўллаб-қувватлаш борасида юртимизда кўплаб диаспоралар иш олиб бормоқда.
Диаспораларнинг самарали фаолияти бағрикенглик, миллатлараро тотувликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этиб келмоқда.
Анжуманда таъкидланганидек, 1995 йил 16 ноябрда ЮНЕСКО халқаро ташкилоти томонидан “Бағрикенглик (толерантлик) декларация”си қабул қилинди. Ушбу декларацияга 185 та давлат жумладан, Ўзбекистон ҳамда минтақа давлатлари қўшилди.

-Шуни эътироф қилиш керакки, минтақа халқлари тарихида, уларнинг хулқ-атвори ва дунёқарашида бағрикенглик тамойили қадимдан шаклланган. Халқимизга хос меҳмондўстлик, сабр-тоқатлилик, меҳнатсеварлик, ҳамжиҳатлик сингари олийжаноб қадриятлар тарихимизнинг кўплаб даврлари, хусусан, иккинчи жаҳон уруши йилларида яққол намоён бўлди. Конференцияда иштирок этган хорижий давлатларнинг олимлари миллатлараро муносабатларда Ўзбекистон позицияси ўрнак бўлар даражада шаклланганлигини эътироф этишди, - дейди Ўзбекистоннинг энг янги тарихи кафедраси мудири Равшан Хомитов.
Анжуманда қатнашган Озарбайжон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Франция каби давлатларнинг олимлари Марказий Осиёда диаспоралар шаклланишининг тарихий илдизлари ва миграция жараёнлари, ҳозирги замонда диаспораларнинг ижтимоий-сиёсий роли ва минтақавий хавфсизликка таъсири, маданий алоқалар, таълим масалалари хусусида маърузалар қилишди.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан конференция материаллари тайёрланиб, илмий-амалий фаолиятда фойдаланиш белгилаб олинди.
Т. Рўзиев, ЎзА