Сифатли, тезкор мақола, контент тайёрлаш муҳим масала
Андижонда Президент Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида медиа соҳаси вакиллари учун “медиа ҳафталик” кунлари бошланди.
Андижон давлат тиббиёт институтининг замонавий ўқув биносида ўтказилаётган медиа ҳафталикда Республика оммавий ахборот воситаларининг вилоятдаги мухбирлари, вилоят, туман ва шаҳар газеталари муҳаррирлари, туман, шаҳар ҳокимликлари, вилоят бошқармалари, олий ўқув юртлари ахборот хизматлари раҳбарлари, вилоят телерадиокомпанияси ходимлари, блогерлар иштирок этмоқда.
Медиаҳафталик очилишига бағишланган тадбирда сўз олган вилоят ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Рустамжон Эшонов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Саминжон Ҳусанов, Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази бош мутахассиси Ботиржон Ғофуров медиа ҳафталикнинг мақсад-вазифалар хусусида атрофлича тўхталиб ўтди.
[gallery-29729]
- Бугун шиддат билан ривожланиб бораётган жамиятимизда ахборотга бўлган талаб жуда юқори, - дейди Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази бош мутахассиси Ботиржон Ғофуров. – Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ахборотни тайёрлашда тезкорлик, сифат ва профессионаллик муҳим ўрин тутади. Шундай экан, бугунги кунда медиа соҳасининг ҳар бир вакили ана шу мезонлар бўйича муайян билим ва кўникмаларга эга бўлиши лозим. Медиа ҳафталикни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳам соҳа вакилларининг билим ва малакаларини юксалтиришга кўмаклашишдир.
Қатнашчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда матбуот, интернет журналистикаси, телерадио йўналишлари бўйича ташкил этилган ўқув машғулотларида иштирок этди.
Тажрибали мутахассис ҳамда медиа экспертлар томонидан олиб борилаётган машғулотларда замонавий медиа, сунъий интеллект ва медиа фактчекинг, визуал контент, контент стратегияси, сифатли ва тезкор контент тайёрлаш, аудитория билан ишлаш сингари қатор йўналишлар бўйича кенг маълумотлар берилмоқда.
Очиқ мулоқот шаклидаги суҳбатлар давомида иштирокчилар мавзулар доирасида ўзларининг фикр-мулоҳаза, касбий тажрибалари билан ўртоқлашди.
– Медиа ҳафталик доирасидаги машғулотлар жуда қизиқарли ўтмоқда, – дейди Балиқчи тумани “Ғалаба” газетаси муҳаррири Шаҳзодахон Каримова. – Айниқса, босма нашрларнинг медиа маконда фаолият олиб бориши бирмунча қийин кечаётган бугунги кунда аудитория билан ишлаш, мақолаларни ўқувчи талабига мос тарзда тайёрлаш бўйича билимларимизни бойитдик, бу борадаги тажрибалар билан танишдик. Бу албатта келгуси фаолиятимизни янада самарали олиб боришга ёрдам беради.
Умуман, бугунги кунда қайси йўналишда бўлмасин, медиа соҳаси вакиллари чуқур билим, аудитория билан ишлай оладиган, сифатли, тезкор контент, мақола тайёрлаш салоҳиятига эга бўлиши муҳимдир.
Андижонда ўтказилаётган медиа ҳафталик шу йилнинг 5 июнига қадар давом этади.
Ф. Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари