Шукроналик ва масъулият
Байрам шукуҳи кезиб юрган муборак кунларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Қурбон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табриги Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, диний-маърифий соҳани ривожлантириш борасидаги ислоҳотларнинг ўзига хос сарҳисобидек гўё.
Президентимиз ўз табригида муқаддас динимизнинг асл моҳияти мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан нақадар уйғун эканига алоҳида урғу берди. Бу бежиз эмас. Зеро, бугунги кунда жамиятимизда устувор аҳамият касб этаётган маҳаллаларни обод қилиш, эҳтиёжманд қатламни қўллаб-кувватлаш, нуронийлар ва хотин-қизларга эътибор қаратиш каби хайрли ишлар Ҳайит байрамининг асрий анъаналари билан сув ва ҳаводек туташиб кетган.
Табрикда тилга олинган тизимли ишларнинг амалий ифодасини бугун юртимиз чиройига чирой қўшаётган муаззам обидалар мисолида кўришимиз мумкин.
Пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Марғилондаги Бурҳониддин Марғиноний илмий-маърифий ва туризм мажмуаси халқимизнинг ўз аждодлари олдидаги юксак эҳтироми, Янги Ўзбекистоннинг маънавий куч-қудратини дунёга кўрсатувчи ҳақиқий мўъжизалардир. Бу масканлар буюк алломаларимизнинг илмий меросини соф ҳолда ўрганиш ва келажак авлодга етказишда улкан маёқ вазифасини ўтайди.
Бу йилги Ҳайитнинг яна бир тарихий ва унутилмас воқеаси — юртимизда илк бор “Президент ҳожилари” дастурининг жорий этилиши бўлди. Эътиқод эркинлиги таъминланган юртимиздан бу йил 15 мингдан зиёд ватандошимиз ҳаж амалларини бажараётган бўлса, уларнинг сафида эл-юртга сидқидилдан хизмат қилган 100 нафар нуронийлар, уламолар ва маҳалла фахрийларининг давлат кўмагида муқаддас сафарга юборилгани дилимизни тоғдек кўтарди.
Бу янгилик юртимизда “Инсон қадри учун” тамойили шунчаки баландпарвоз сўз эмас, балки оддий одамлар ҳаётида намоён бўлаётган ҳақиқат эканини яна бир бор исботлади. Муқаддас заминдан қайтган бу табаррук инсонлар жамиятимизда маънавий-тарбиявий муҳитни соғломлаштиришда, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда, албатта, камарбаста бўладилар.
Президентимиз ўз табригида байрам кунларида ҳам юрт сарҳадларида, эл хизматида масъулият билан навбатчилик қилаётган шижоатли ўғлонларимизга, чет элларда таълим олаётган ва меҳнат қилаётган ватандошларимизга алоҳида илиқ сўзлар йўллади. Бу эътибор — дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин, ҳар бир ўзбекистонлик давлатнинг доимий эътиборида эканидан далолатдир.
Бугун юртимизда тинчлик, барқарорлик ва ҳамжиҳатлик ҳукмрон. Қурбон ҳайити муносабати билан белгиланган бир неча кунлик дам олиш кунлари оила бағрида бўлиш, қариндош-уруғ ва беморлар ҳолидан хабар олиш учун қулай имкониятдир.
Давлатимиз раҳбари айтганларидек, бу гўзал айёмлар бизни янада катта сафарбарлик билан ҳаракат қилишга, Ватанимиз равнақи йўлида бирлашишга даъват этади. Шундай дориламон кунларга етказганига шукрона айтган ҳолда, эл-юртимиз осойишталиги бардавом, муқаддас Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!
Моҳигул Қосимова, ЎзА