Самарқандда 1000 нафар оғир тоифадаги бемор давлат томонидан даволанади
Давлатимиз раҳбарининг “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги эзгу ишларга янада кенг йўл очди.
Мазкур қарор ижроси доирасида Самарқанд вилоятида ҳам кенг қамровли амалий ишлар бошлаб юборилди. Хусусан, даволанишга муҳтож болалар, онкогематологик хасталикларга чалинган беморлар ҳамда трансплантацияга эҳтиёжи бор фуқароларни юқори технологик тиббий муолажалар асосида соғломлаштириш чоралари кўрилмоқда.
– Вилоят ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш тизими ва ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходимлари ҳамкорлигида шаҳар ва туманларда эҳтиёжманд фуқаролар хатловдан ўтказилди – дейди Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Сухроб Зайниев. – Хатлов натижасида 1026 нафар фуқарони, жумладан, болалар, онкогематологик касаллар ва трансплантацияга муҳтож аҳолини даволаш режалаштирилди. Жумладан, даволаниши белгиланган 764 нафар бемор боладан 600 нафарига “Вақф” хайрия жамоат фонди, соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан тақдим этилган ваучерлар топширилди. Шу пайтгача, онкологик касалликларга чалинган 250 нафар бемордан 60 нафарига ваучерлар тарқатилди. Уларнинг 20 нафари даволаниш учун шифохоналарга ётқизилди. Гематологик ва онкогематологик касалликларга чалинган 14 нафар беморнинг барчасига ваучерлар берилган бўлиб, 3 нафари стационар даволанишга қабул қилинди.
Трансплантация амалиётлари бўйича ҳам муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 1 нафар бола ва 14 нафар катта ёшли беморда жигар трансплантацияси, 5 нафар бола ва 19 нафар катта ёшли бемор эса буйрак трансплантацияси ўтказилиши режалаштирилган. Ҳозиргача 6 нафар беморга ваучерлар топширилиб, уларни шифохоналарга жойлаштириш ишлари бошланган.
– Қизим туғма юрак нуқсони билан дунёга келганди, – дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Фархунда Ҳамидова. – У ҳозир беш ёшда. Шифокорлар боламнинг соғайиб кетиши учун мураккаб ва нозик кардиохирургик операция ўтказиш зарурлигини айтишганди. Лекин шу пайтгача бунинг учун маблағ тўплай олмадик. Қурбон ҳайити арафасида масъуллар хонадонимизга келиб, боламни давлат томонидан ажратилган маблағ ҳисобидан операция қилишлари ҳақида ваучер беришди. Бунинг учун Президентимиздан миннатдормиз, халқимиз бахтига ҳамиша соғ-омон бўлсинлар!
Режалаштирилган мураккаб жарроҳлик ва даволаш ишлари Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган марказларида амалга оширилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА