Шоирнинг боқий ижоди
Чин шоирнинг умри унинг юраги тўхтаган кунда якун топмайди. Аксинча, у ўша кундан бошлаб халқ хотирасидаги иккинчи ҳаётини яшай бошлайди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, халқона шеърияти билан кўнгиллардан чуқур жой олган шоир Ҳаёт Шодмон ана шундай ижодкорлардан эди.
Зарбдор тумани маданият марказида бўлиб ўтган хотира кечаси нафақат шоирни ёд этиш, балки халқ қалбида яшаб келаётган самимий инсонга эҳтиром ифодасига айланди.

Кечага узоқ-яқиндан ташриф буюрган меҳмонларни “Эналар” ҳамда “Гулпари” халқ этнографик фольклор ансамбллари иштирокчилари шўх яллаю лапарлар билан қарши олдилар. Бу бежиз эмас эди. Ҳаёт Шодмон умрининг сўнгги йилларида айнан шу жамоалар билан ҳамкорлик қилиб, халқ оғзаки ижодининг сара намуналарини саҳнага олиб чиққан, керак бўлса, санъаткорларга қўшилиб, ўзи ҳам қўшиқ куйлаган эди.
— Ҳаёт Шодмон ўзига хос бахши эди. Шу билан бирга, у яхши шоир ҳам эди, — деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими раиси Меҳрибон Абдураҳмонова. — Ҳаётлик чоғида 60 ёшлик юбилейини ўтказмоқчи бўлдик. Аммо у киши кўнмадилар. “Аввал китоб чиқарай. Ахир менинг юбилейимга пойтахтдан катта шоирлар, хонандалар келади” деб туриб олдилар. Афсуски, тақдир бошқача ҳукм қилди. Хасталик у кишини орамиздан олиб кетди. Кейин жиззахлик шоир ва носирларнинг уч жилдлик сайланмасини нашр этдик. Уларнинг биридан Ҳаёт Шодмон ижоди ҳам муносиб ўрин олди.

Кечада яна бир хайрли ташаббусга асос солинди. “Ҳаёт Шодмон кутубхонаси” нинг тамал тоши қўйилди. Туман ҳокими Бекзод Тошпўлатов китоб жавонига дастлабки сара асарларни жойлаштирди. Сирдарё вилоятидан келган меҳмонлар эса шоир номидаги кутубхонага юздан ортиқ бадиий китобларни туҳфа қилди. Бу хайрли иш шоир хотирасини абадийлаштириш йўлидаги маънавий қадам бўлди.
Ҳаёт Шодмон ҳаётининг катта қисми Сирдарё вилояти билан боғлиқ. Умрининг сўнгги йилларида эса ота юрти — Жиззах вилоятининг Зарбдор туманига қайтган эди. Шоирнинг яқинлари ва замондошлари уни нафақат истеъдодли ижодкор, балки давраларга файз киритадиган инсон сифатида эсладилар.
— Ҳаётжон Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймоннинг гап-гаштагидан чиққан ижодкорлардан эди, — деди Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали профессори, фалсафа фанлари доктори Илёс Қувондиқов. — У кирган давра шеъру ўланга, ҳазилу ҳикматга тўлиб кетарди.
Тадбир давомида шоирнинг турли йиллардаги чиқишлари намойиш этилди. Унинг шеър ўқиш услубида ҳам алоҳида жозиба бор эди. Ҳаёт Шодмон шеърни шунчаки ўқимас, уларга руҳ бағишлар, ҳар бир сатрни юракдан ўтказиб айтар ва бу залдагиларни беихтиёр ларзага соларди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Нилуфар Алламуродова ва Венера Ибрагимовалар ҳам шоир ҳақидаги самимий хотиралари билан ўртоқлашдилар. Ҳофиз Ҳусан Кўчмуродов томонидан ижро этилган қўшиқлар эса кечага алоҳида маънавий оҳанг бағишлади.
Саҳнага шоирнинг яқинлари — укаси Раҳмон, сингиллари Дилоромхон ва Озодахон, фарзандлари Умиджон ҳамда Қутлибекалар кўтарилганида залдаги муҳит янада таъсирчан тус олди. Умид Шодмонов отасининг шеърларидан бирини ёддан ўқиб, йиғилганларни тўлқинлантирди.
— 2025 йил Наврўз арафасида акамнинг юраги қаттиқ безовта қилди, — дейди Озода Эгамқулова. — 22 март куни телеграмдаги саҳифамда у кишининг “Сир” шеъри чиқиб қолди. Ўқиб, юрагим увишиб кетди. Мисраларда худди бизга айтилган васият, оғриқли илтижо бор эди. Ўша куни акам Тошкентда юрагидан операция бўлди. Орадан бир ҳафта ўтиб, у кишининг вафот этгани ҳақидаги совуқ хабар келди.
Озода Эгамқулова шоирнинг сўнгги шеърларидан бирини ўқиганида зални оғир сукут чулғади. Гўё йиғилганлар Ҳаёт Шодмон билан яна бир бор видолашаётгандек эди.
Хотира кечаси якунида туман ҳокими ўринбосари Раҳим Анқаев шоирнинг инсон сифатидаги фазилатларини эслади:
— У киши доим пиёда юрар, чўнтагида эса албатта ширинлик бўларди. Кўчада учраган болаларни тўхтатиб, ҳазиллашар, ҳар бирига конфет улашарди. Маҳалламиз болалари Ҳаёт акани ўзларига энг яқин инсон деб биларди. У кишининг кўчадан ўтишини интиқиб кутишарди.
Кечада муҳим қарор маълум қилинди. Туман ҳокимлиги, прокуратура ва маданият бўлими ҳамкорлигида ҳар йили Хотира ва қадрлаш куни арафасида Ҳаёт Шодмонни ёд этиш кечаласини аъанавий тарзда ўтказишга келишиб олинди.
Зеро, халқ қалбига йўл топган шоир асло ўлмайди. Унинг овози қўшиқларда, нафаси шеърларда, хотираси эса одамлар қалбида яшайверади.
Муҳаммадали Аҳмад, Муҳаммад Kарим (сурат), ЎзА