“Шижоат ва ғайрат” синовдан ўтди
Фарғона вилояти Учкўприк туманида маҳалла ёшлари ўртасида ҳарбий-спорт мусобақаси бўлиб ўтди. Унда маҳаллаларда истиқомат қилувчи 18-22 ёш оралиғидаги йигит-қизлар турникда тортилиш, орқа билан ётган ҳолатда танани кўтариш, ўқув қўл гранатасини узоқликка улоқтириш, узоқ ва қисқа масофага югуриш, мерганлик каби шартлар асосида ўз иқтидор ва жисмоний тайёргарликларини синовдан ўтказишди.
Бундай мусобақалар тасодифан уюштирилгани йўқ. Гап шундаки, шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спорт мусобақалари бўлиб ўтмоқда.
Маҳаллаларда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг ҳарбий хизматга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида ўтказилаётган мазкур мусобақа Мудофаа вазирлиги, Спорт вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Хўш, у ёшларга нима беради?
– Аввало, биз маҳалла ёшларини бирлаштира оляпмиз, – дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи Адҳамжон Зиявитдинов. – Қолаверса, шундай мусобақа баҳонасида жойлардаги ўйингоҳлар таъмирланяпти, янгиси ташкил этилмоқда. Натижада ёшларнинг спорт клубларига мунтазам қатнови даражаси ошишига эришилди. Аслида кўзланган мақсад ҳам ёшлар орасидаги спортнинг оммавийлигига ҳисса қўшиш эди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА