Фарғона майиз экспортини йўлга қўйди
Шундай кунлар келди. Илгарилари Фарғонадан бир-икки навдаги узум фақат Россиягагина экспорт қилинар эди. Давлат раҳбарининг қарорлари асосида дастлаб Олтиариқ, сўнгра бошқа туманларда ҳам узумзор боғлар ташкил этилди. Бугун улар 15 минг гектарга етди. Етиштирилаётган узум навлари ўттиздан ортди. Ҳажми ва экспорт қилинаётган давлатлар сони ўнлаб карра кўпайди. Одатда узум ёзда пишади ва дарҳол харидорларга етказилади. Куз ва қишга қадар экспорт давом этади. Аммо юз минглаб тонна сиғимга эга совуқхоналар қурилгач, энди қиш пайти ҳам токдан янги узилгандек ҳолатда экспортга йўналтириш имкони яратилди. 2026 йилнинг январ-февраль ойларида Фарғона вилояти хорижга жами 2,3 миллион АҚШ доллари қийматидаги 2 642,5 тонна узум экспортини амалга оширган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиштирганда 850,3 тоннага кўпдир.
Фарғонада ҳеч қачон узумдан майиз қилинмаган эди. Ҳосил миқдорининг кўплиги туфайли энди бу соҳа ҳам ривожланмоқда. Ҳатто Фарғона майизлари жаҳон бозорига чиқарилди. 2026 йилнинг январ-февраль ойларида Фарғона вилояти хорижга жами 1,4 миллион АҚШ доллари қийматидаги 1 094,9 тонна майиз экспортини амалга оширган.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА