Ғозғонда саноат билан бирга туризм ҳам ривожланмоқда
Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳри узоқ йиллар давомида, аввало, ўзининг ноёб мармар конлари билан танилиб келган саноат маркази сифатида эътироф этилар эди. Бугун эса бу ҳудуд мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида янги қиёфада – саноат ва туризм уйғунлашган замонавий макон сифатида ривожланмоқда.
Ғозғон мармари нафақат юртимизда, балки хориждаги кўплаб меъморий иншоотларда қўлланилгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Бу эса шаҳарнинг иқтисодий салоҳиятини белгилаб берувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Бироқ сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида ҳудуд фақат саноат билан чекланиб қолмаяпти. Табиий ресурслар, бетакрор ландшафт ва маданий меросдан самарали фойдаланиш орқали туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълумотларга кўра, биргина 2025 йилда Ғозғон шаҳрига 990 нафар хорижий ва 13 882 нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюрган. Жорий йилда ушбу кўрсаткични янада юқори даражага чиқариш режалаштирилган. Бу эса ҳудуднинг туристик жозибадорлиги изчил равишда ривожланиб бораётганидан далолат беради.
[gallery-29183]
– Ғозғоннинг географик жойлашуви ҳам унинг устунликларидан бири ҳисобланади, – дейди шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодиржон Зойиров. – Тоғ ва саҳро ҳудудлари туташган мазкур бу ҳудудда табиий манзаралар хилма-хиллиги, қадимий петроглифлар ва зиёратгоҳлар сайёҳларни ўзига жалб этмоқда. Хусусан, Шоҳимардон зиёратгоҳи нафақат диний, балки маданий ва маънавий мерос объекти сифатида муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги ислоҳотлар доирасида шаҳарда айнан шу каби объектларни қайта тиклаш, уларни замонавий инфратузилма билан таъминлаш ишлари изчил олиб борилмоқда. Жумладан, Шоҳимардон зиёратгоҳи ва унга олиб борувчи йўлларда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари зиёратчилар учун қулайлик яратиш билан бирга, ҳудуднинг умумий туристик салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда. Лойиҳа доирасида янги иш ўринларининг яратилиши эса аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам ҳисса қўшмоқда.
Шунингдек, “Булоқи Нав” булоғида олиб борилаётган таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари табиий ресурсларни асраб-авайлаш ва улардан оқилона фойдаланиш борасидаги амалий қадамлардан биридир. Ушбу манзилни тартибга келтириш орқали нафақат аҳоли учун қулай шароит яратилмоқда, балки янги сайёҳлик маскани шакллантирилмоқда.
Ғозғон шаҳрида барпо этилган Туризм кўчаси эса ислоҳотларнинг яна бир ёрқин намунасидир. Мармар билан безатилган, замонавий инфратузилмага эга ушбу кўча шаҳарнинг миллий руҳини акс эттирган ҳолда туристлар ва маҳаллий аҳоли учун қулай муҳит яратмоқда. Савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг ташкил этилиши эса иқтисодий фаолликни оширишга хизмат қиляпти.
Ғозғоннинг Навоий, Самарқанд ва Бухоро каби йирик туристик марказларга яқин жойлашгани уни минтақавий туристик йўналишларнинг муҳим бўғинига айлантирмоқда. Бу эса келгусида шаҳарга ташриф буюрувчилар сонини янада ошириш учун мустаҳкам замин яратади.
Албатта, Ғозғонда амалга оширилаётган ишлар ислоҳотларнинг амалдаги натижасидир. Саноат салоҳиятини сақлаган ҳолда туризмни ривожлантириш, инфратузилмани янгилаш ва янги иш ўринлари яратиш орқали ҳудуд комплекс тараққиёт йўлидан илгариламоқда. Бу эса Ғозғонни яқин келажакда нафақат саноат, балки етакчи туристик марказлардан бирига айлантириш имконини беради.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари