Шинжонда халқаро меҳмонхона бозори: янги лойиҳалар ва ўсиб бораётган имкониятлар
Хитойнинг ғарбий қисмида жойлашган Шинжон-Уйғур автоном районида туризм инфратузилмаси кенгайиб, халқаро меҳмонхона тармоқлари фаолияти ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Урумчи, Қашғар ва бошқа сайёҳлик ҳудудларида амалга оширилаётган лойиҳалар минтақанинг халқаро туризм бозоридаги ўрни мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатмоқда.
Бугун дунёда сайёҳлик оқими ортиб бораётган ҳудудларда меҳмонхона инфратузилмасини ривожлантириш иқтисодий тараққиётнинг муҳим йўналишларидан бирига айланган. Бу жараёнда халқаро меҳмонхона тармоқларининг иштироки ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Чунки бундай лойиҳалар нафақат жойлаштириш хизматлари кўламини кенгайтиради, балки қурилиш, савдо, транспорт ва бошқа хизмат кўрсатиш тармоқларига ҳам туртки беради.
Шинжонда сўнгги йилларда кузатилаётган ўзгаришлар ҳам шу нуқтаи назардан эътиборга молик.
Минтақанинг маъмурий маркази Урумчида халқаро меҳмонхона тармоқлари иштирокида бир нечта йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Жумладан, Ritz-Carlton ва Westin меҳмонхоналарини ўз ичига оладиган мажмуа қурилиши жадал давом этмоқда. 2026 йил 1 июль куни унинг 196 метр баландликдаги асосий минораси конструкциясининг марказий қисми қуриб битказилди. Мажмуада Aloft меҳмонхонаси ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари жойлаштирилиши режалаштирилган. Лойиҳанинг тўлиқ якунланиши Урумчининг ишбилармонлик ва сайёҳлик инфратузилмасини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шаҳарда Conrad ва Hilton меҳмонхоналари ҳам фаолият юритмоқда. Бу эса халқаро меҳмонхона тармоқларининг минтақага қизиқиши биргина янги қурилиш лойиҳалари билан чекланмаётганини кўрсатади.

Шинжоннинг жанубидаги Қашғар шаҳрида ҳам йирик меҳмонхона мажмуаси барпо этилмоқда. InterContinental бренди иштирокидаги ушбу лойиҳага тахминан 3 миллиард юань инвестиция киритиш белгиланган. Унда қарийб 890 та меҳмонхона хонаси, овқатланиш, анжуманлар ўтказиш ва дам олиш учун зарур инфратузилма ташкил этилиши режалаштирилган. Мажмуа қадимий Қашғар шаҳри ва унинг тарихий масканларига яқин ҳудудда жойлашган.
Шимолдаги Ҳэму қишлоғида эса Conrad ва Hilton меҳмонхоналари 2025 йилда иш бошлаган. Қорли тоғлари, табиий манзаралари ва қишки туризм имкониятлари билан танилган бу ҳудудда халқаро меҳмонхона хизматларига талаб ортиб бормоқда.
Шунингдек, Куча шаҳрида Hilton меҳмонхонасини барпо этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Қиймати 800 миллион юань бўлган ушбу мажмуа қурилиши якунлангач, ҳудуддаги сайёҳларни қабул қилиш имкониятларини кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Меҳмонхона инфратузилмасидаги бу ўзгаришлар, аввало, Шинжонда сайёҳлар оқими сезиларли даражада кўпайгани билан боғлиқ. Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда минтақага 323 миллион марта сайёҳлик ташрифи қайд этилган. Туризмдан тушган умумий даромад эса 370 миллиард юанга етган. Ҳар икки кўрсаткич аввалги йилга нисбатан ўсиб, тарихий рекордни янгилаган.
Шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим: сайёҳлар оқимининг кўпайиши меҳмонхона хизматларига бўлган талабни ҳам оширади. Бу эса нафақат йирик шаҳарлар, балки табиий ва тарихий масканларга яқин ҳудудларда ҳам замонавий жойлаштириш объектларига эҳтиёжни кучайтиради.
Шинжоннинг иқтисодий жозибадорлигини белгилайдиган яна бир омил – унинг географик ўрни. Минтақа Хитойни Марказий Осиё ва Европа билан боғлайдиган муҳим қуруқлик транспорт йўлакларидан бири ҳисобланади. Хитой – Европа халқаро юк поездлари ҳаракатидаги иштироки, чегараолди савдо алоқалари ва транспорт инфратузилмасининг ривожланиши унинг иқтисодий имкониятларини кенгайтирмоқда.
Хорижий сармоя иштирокидаги корхоналар сони ҳам ортиб бормоқда. 2025 йилда Шинжонда хорижий капитал иштирокида ташкил этилган янги корхоналар сони 21,97 фоизга кўпайган. Хорижий инвестициялардан амалда фойдаланиш ҳажми эса 9,8 фоизга ўсган. Бу кўрсаткичлар минтақа иқтисодиётига ташқи сармоя жалб этиш жараёнида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилаётганини англатади.

Албатта, меҳмонхона қурилиши ёки халқаро брендларнинг муайян ҳудудда фаолият бошлаши ўз-ўзидан инвестиция самарадорлигини англатмайди. Бундай лойиҳаларнинг натижаси сайёҳлар оқими, меҳмонхоналар бандлиги, хизматлар сифати, яратилган иш ўринлари ва сармоянинг иқтисодий қайтими билан баҳоланади. Шу боис Шинжондаги жараёнларнинг кейинги босқичи ҳам ана шу кўрсаткичлар орқали намоён бўлади.
Айни пайтда минтақага халқаро компанияларнинг кириб келиши фақат меҳмонхона бизнесида кузатилаётгани йўқ. Масалан, 2026 йил 29 сентябрь куни Starbucks компанияси Урумчидаги Халқаро бозор ҳудудида Хитойдаги илк номоддий маданий меросга бағишланган “Флагман” дўконини, шунингдек, Тяньшан халқаро аэропортида яна бир савдо нуқтасини очди. Бу ҳолат ҳам маҳаллий истеъмол бозори ва сайёҳлик муҳитидаги ўзгаришларга ташқи бизнеснинг қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатувчи мисоллардан биридир.
Умуман, Шинжонда халқаро меҳмонхона тармоқлари иштирокидаги лойиҳаларнинг кўпайиши туризм инфратузилмасини ривожлантириш, ҳудудларнинг иқтисодий имкониятларидан самарали фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш жараёнининг бир қисми сифатида намоён бўлмоқда. Бу жараённинг қай даражада самара бериши эса янги лойиҳаларнинг ишга тушиши, уларнинг иқтисодий натижалари ва маҳаллий аҳоли учун яратадиган имкониятлари билан белгиланади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА