Ўзбекистон – Грузия муносабати янги босқичда
Ўзбекистоннинг яқин қўшни давлатлар билан ташқи иқтисодий алоқалари ҳақида гап кетганда, одатда эътибор кўпроқ Россия, Қозоғистон ёки Беларусь каби анъанавий йирик шерикларга қаратилади. Бинобарин, охирги йилларда Грузия йўналиши ҳам биз учун алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Бунинг сабаби фақат икки давлат ўртасидаги савдо ҳажмида эмас. Айни пайт Грузия Қора денгизга чиқиш нуқтаси, Европа ва Осиёни боғловчи транзит занжиридаги ўрни, “Ўрта йўлак” лойиҳасидаги мавқеи, шунингдек туризм, банк, логистика, ахборот технологиялари ва юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришдаги иштироки билан ҳам муҳим. 2025 йил март ойида Президент Шавкат Мирзиёев Бош вазир Ираклий Кобахидзени қабул қилар экан, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-логистика, туризм ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масаласи диққат марказига чиқди. 2024 йил товар айирбошлаш 50 фоиз ошгани, қўшма корхоналар сони ва юк айланмаси кўпайгани, пойтахтлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатнови йўлга қўйилгани таъкидланди. Мамлакатимизда грузиялик инвесторлар иштирокида ташкил этилган рақамли банк фаолият юритаётгани қайд этилди.
Шу жиҳатдан Ўзбекистон – Грузия муносабатини шунчаки икки давлат алоқаси эмас, балки Марказий Осиёни Қора денгиз ва Европа йўналиши билан боғлайдиган геоиқтисодий шериклик сифатида баҳолаш ўринли. 2025 йил март ойида ҳамкор давлат ҳукумати тарқатган расмий ахборотда ҳам мамлакатларимиз барқарор шериклиги, савдо ҳажмини янада ошириш ва Грузиянинг транзит ҳамда боғловчилик салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш муҳимлиги таъкидланган.
Кобахидзенинг юртимизга юқорида айтиб ўтилган ташрифи доирасида уюштирилган икки давлат ташқи ишлар вазирлари Мака Бочоришвили ва Бахтиёр Саидов учрашувида савдо-иқтисодий муносабатни янада ривожлантириш, “Ўрта йўлак” бўйлаб бирга ҳаракатланиш, ҳукуматлар аро иқтисодий комиссия ишини фаоллаштириш масаласи муҳокама қилинган.
Кейинроқ, 8 июль куни мамлакатимиз ташқи сиёсат идораси раҳбарининг Тбилисига расмий ташрифи чоғида эса ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланган. Мазкур ҳужжат ўзаро мунтазам равишда мувофиқлашувни таъминлашга қаратилган. Октябр ойига келиб пойтахтимизда навбатдаги сиёсий маслаҳатлашув ўтказилгани ҳам умумий саъй-ҳаракатнинг мантиқий давомидир. Ўшанда томонлар ўзаро савдо айланмаси ўсиш суръатидан мамнунлик билдирган, сўнгги йиллардаги ўзгариш ижобий баҳоланган, ўзаро сайёҳлар сони ҳам ошганига урғу берилган.
Савдо мундарижаси
Таҳлил давомида бир жиҳатга эътибор қаратиш зарур: Грузия билан савдо алоқалрида ҳажм, миқдор эмас, таркиб ва география долзарб. Зеро, бу ўлка биз учун йирик истеъмол бозори эмас, балки бошқа уч муҳим вазифани бажариши мумкин. Биринчиси, Қора денгиз орқали Европа йўналишига чиқиш нуқтаси; иккинчиси, “Ўрта йўлак”даги транзит ҳамкор; учинчиси, юқори қўшилган қийматли кичик ва ўрта ҳажмли маҳсулот, хизмат ва логистика амалиёти учун қулай шерик. Яъни, Тошкент ва Тбилиси муносабатида мазмун асосий омил. Мутахассислар айни жараёнда ҳамкорликни йирик хом ашё савдосидан кўра, транспорт, IT, молия, туризм ва саноат алмашинуви орқали тезроқ чуқурлаштириш мумкинлигини таъкидлайди.
Транспорт ва логистика
Таҳлилчилар кўпинча “Ўрта йўлак”ни устувор йўналиш сифатида қайд этади. Икки томонлама учрашувларда бу йўлак доим Шарқ ва Ғарбни боғлайдиган асосий чизиқ ўлароқ тилга олинади. Хусусан, сиёсий маслаҳатлашув чоғида ҳам Грузиянинг мавжуд салоҳияти эътироф этилиб, республикамиз ушбу давлатнинг транзит имкониятидан тўлиқ фойдаланишга қизиқиш билдирган.
Ўзбекистон учун Грузиянинг ҳақиқий қиймати айнан Қора денгизга чиқиш йўлида намоён. Қозоғистон шимолий йўналишдаги асосий шерик бўлса, Грузия Кавказ орқали ғарбга чиқиш нуқтаси ҳисобланади. Демак, Тошкент – Тбилиси муносабатида транспорт масаласи қўшимча соҳа эмас, балки узвий тизимнинг иқтисодий ўзагидир. Кобахидзе ҳам мамлакати транзит қобилияти ва боғловчилик салоҳиятини юзага чиқариш ҳаракатида эканини очиқ айтган. Мазкур баёнот Грузия ўзини Ўзбекистон учун оддий савдо шериги эмас, балки қулай оралиқ манзил сифатида таклиф қилаётганини англатади.
Бизнес ва инвестиция
2025 йил бизнес ва сармоя соҳасида ҳам янги умумий инфратузилма вужудга кела бошлади. 8-9 октябрь кунлари Тошкентда “Ўзбекистон – Грузия Ипак йўли” халқаро бизнес кўргазмаси ўтказилди. Грузия Савдо ассоциацияси ташаббуси ва Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги агентлик кўмагида ташкил этилган тадбирда 50 дан зиёд етакчи хорижий компания вакиллари иштирок этиб, қурилиш, интерьер ва дизайн, меъморчилик, меҳмонхона учун жиҳоз, тўқимачилик, FMCG, қандолатчилик соҳаларини қамраб олган маҳсулот ва хизматлар таклиф қилди.
Расмий хабарга кўра, томонлар савдо, транспорт занжири, логистика, сармоявий шериклик ва ҳудудлар аро ҳамкорлик бўйича кейинги қадамларни белгилаб олди. Яна бир муҳим йўналиш – молия. Ҳозир мамлакатимизда грузиялик сармоядорлар иштирокида ташкил этилган рақамли банк фаолият юритмоқда. Бу муҳим мисол ҳамкор давлат капитали диёримиз молиявий технология соҳасида ҳам фаол эканини кўрсатади. Айни жараён кейинчалик тўлов инфратузилмаси ва рақамли хизмат экспортга йўл очиши кутиляпти.
Туризм
Ривожланиб бораётган алоқаларда туризм ва тўғридан-тўғри ҳаво қатнови алоҳида аҳамият касб этади. Икки пойтахт орасидаги ҳаво йўли асосий инфратузилма шароити сифатида туризм, бизнес ва хизмат секторидаги ўсишни таъминламоқда. Яъни, Тошкент – Тбилиси авиа рейси техник эмас, стратегик аҳамиятга эга.
Туризм статистикасида ўсиш сезиларли. Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йил 17 300 нафар фуқаромиз Грузияга сайёҳ бўлиб борган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 50,2 фоиз ошган.
Грузия билан ҳамкорлик нима учун муҳим?
Грузия миллий статистика идораси маълумотига кўра, 2025 йил мамлакат ташқи савдо айланмаси 25,82 миллиард долларга етган. Шундан экспорт 7,29 миллиард доллар, импорт эса 18,53 миллиард доллар. Бу рақамлар Грузиянинг ўзи улкан бозор эмаслиги, ташқи савдо ва транзитга эса очиқ эканини кўрсатади.
Ўзбекистон учун бундай иқтисодий муҳитнинг аҳамияти шундаки, ушбу мамлакат орқали маҳсулот, хизмат ва логистика лойиҳаларини минтақавий ва халқаро занжирга улаш мумкин. Бошқача айтганда, Грузия билан шериклик қиймати ички бозор эмас, балки ташқи йўналишларга уланиш имконияти билан боғлиқ.
Хуллас, Жанубий Кавказдаги дўстона шерик давлат ҳисобланган Грузия биз учун Қора денгизга чиқиш, Европа билан боғланиш, “Ўрта йўлак”да мустаҳкамланиш ва юқори қўшилган қийматли ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳам муҳим ҳудудга айланмоқда.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА