Шеъриятнинг нафис овози
Бугун миллий адабиётимизда аёл-қизлар эркаклардан сира қолишмасдан, балки кўплаб соҳаларда улардан-да пешқадам бўлиб ижод қилмоқда. Ўзбекистон халқ шоираси Шарифа Салимова сўз санъатимизнинг забардаст намояндаларидан бири, наср ва назм, бадиий публицистика ҳамда таржима соҳасида бирдек самарали ижод қилаётган жонфидо, жонкуяр ва заҳматкаш қалам соҳибасидир.
Шарифа Салимова ўзбек шеъриятида ўзининг нафис овози, миллий руҳи ва ижтимоий салмоғи билан алоҳида мақомга эга бўлган ижодкор.
Шарифа Салимова 1951 йил 30 декабрда Тошкент вилоятининг сўлим ва мафтункор масканларидан бири — Паркент туманида зиёли оилада таваллуд топган. Унинг отаси адабиётга меҳри баланд, сўз сеҳрини чуқур ҳис қиладиган ўқимишли инсон, онаси эса олти фарзандни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган меҳнаткаш аёл эди.

Паркентдек гўзал табиат қуршовида камолга етган ёш истеъдод соҳибасининг қалбида адабиёт ва шеъриятга бўлган муҳаббат жўш урган. Шарифа Салимова мактаб йилларидаёқ туманнинг «Суръат» газетасида илк шеърлари билан кўриниш бера бошлади.
Ижодга бўлган иштиёқ уни Тошкент давлат университети - ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетига етаклаб келди. 1969–1974 йиллардаги таҳсил даври унинг нафақат дунёқарашини кенгайтирди, балки адабиёт оламига дадил кириб келишига ҳам мустаҳкам замин яратди.
Шарифа Салимова ўтган асрнинг 70–80-йилларида адабиёт майдонига халқ ва Ватан тақдири, аёл қалби изтиробларини юксак пардаларда куйлаб кириб келди. Унинг шеърларида соф туйғулар, илоҳий ишқ ва ҳаётий фалсафа шундай уйғунлашганки, ҳар бир сатр ўқувчини ўзига мафтун этади. Устоз шоир Абдулла Орипов шоиранинг «Ҳизр булоғи» достонини юксак баҳолаб, уни «она қалби ва аёл меҳри дурлари каби тиниқ» деб таърифлаган эди.
Университетни тамомлаган ёш ижодкор меҳнат фаолиятини Ўзбекистон давлат телерадио қўмитасининг «Ватандош» радиостанциясида кичик муҳаррир сифатида бошлади ва ўз меҳнати ҳамда иқтидори билан бўлим бошлиғи лавозимигача бўлган шарафли йўлни босиб ўтди.
Кейинчалик Шарифа Салимова «Саодат» журнали, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони (ҳозирги Президент Администрацияси), Олий Мажлис Қонунчилик палатаси каби нуфузли ташкилотларда самарали фаолият юритди.
«Ҳаёт завқи» номли китоб шоиранинг илк шеърий тўплами бўлиб, унда ёшлик, гўзаллик ва эзгу орзулар тараннум этилган. Шунингдек, унинг гўзаллик ва соғинч туйғуларини акс эттирган «Менинг баҳорим», истиқлол арафасидаги қалб кечинмаларини ифодалаган «Етти оққуш», Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллигига бағишланган «Ҳизр булоғи», юрт ва кўнгил мадҳи мужассам бўлган «Тонгга қасам» ва «Ватан суврати», инсон қадр-қиммати ҳамда маънавий поклик ҳақидаги фалсафий мушоҳадалар жамланган «Вафонинг иффат йўли» каби китоблари адабиёт мухлисларига яхши таниш.
Шоиранинг қаламидан тўкилган кўплаб дурдона асарлар шеърият ихлосмандлари қалбидан мустаҳкам ўрин олган.
Ижодкорнинг «Қабоҳат салтанати ёхуд қор қўйнида лолалар» номли шеърий романи шўролар тузуми давридаги машъум репрессиялар қурбони бўлган юзлаб жабрдийда аёллар қисматининг бадиий солномасидир. Мазкур асарда 1930 йиллардаги шафқатсиз қатағон қурбонлари бўлган жадид аёллар ва ҳурфикр миллатдошларимизнинг фожиали тақдири ҳаёт ҳақиқатига таянган ҳолда таъсирчан ва бадиий тарзда ёритилган. Ушбу асар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўтказган нуфузли адабий танловда биринчи ўринга сазовор бўлган.
Шарифа Салимова нафақат шоира, балки маҳоратли публицист ва таржимон ҳамдир. У жаҳон адабиётининг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилди. Ўз навбатида, унинг асарлари рус, озарбайжон, тожик, қорақалпоқ ва немис тилларига таржима қилиниб, халқаро миқёсда ҳам муносиб эътироф этилди.
Шоиранинг ўзбек маданияти, маърифати ва адабиёти ривожига қўшган улкан ҳиссаси давлатимиз томонидан муносиб қадрланди. У 1993 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони, 2018 йилда эса «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, Шарифа Салимова «Ўзбекистон халқ шоираси» фахрий унвонига сазовор бўлди.
— Мамлакатимизда кечаётган янгиланишлар жараёнида ижод аҳлига қаратилаётган юксак эътибор инсонни чексиз руҳлантиради, — дейди Ўзбекистон халқ шоираси Шарифа Салимова. — Инсон меҳнатининг, ижодкор қалби изтиробларининг қадрланиши катта бахтдир. Шундай тинч, ижод қилиш учун барча шароитлар яратилган, адабиёт ва ижодкорларни қадрлайдиган юртда яшаш ва ижод этиш катта бахт.
Она-Ватан нафаси, мушфиқ ўзбек аёлининг иффати, миллий ғурур ва илоҳий нафосат мужассам бўлган шеърлари билан халқ меҳрини қозонган ардоқли шоирамизнинг адабий мероси ҳамиша маънавият ва маърифат манбаи бўлиб хизмат қилаверади.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири