“Шэньчжэнь тарихи” Марказий Осиёда тақдим этилди
4 август куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида “Ипак йўли дўстлик элчилари”нинг бешинчи тантанали тадбири бўлиб ўтди.
Унда Хитой ва Қирғизистондан 200 дан ортиқ меҳмон, шунингдек, Ипак йўлини барпо этиш ва маданий алмашинувларни ривожлантириш йўлида фаолият юритаётган турли мамлакатлар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги ҳамкорликнинг самаралари, мамлакатлар ўртасидаги дўстона алоқалар ва маданий-гуманитар мулоқотни янада ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Бу йилги тадбирда илк бор “Ипак йўли дўст шаҳарлари” махсус тақдимот бўлими ташкил этилди. Унда биринчи таклиф этилган шаҳар сифатида Шэньчжэнь шаҳри танланди.
Тақдимот доирасида “Шэньчжэнь тарихи” глобал шаҳар цивилизацияси алмашинуви лойиҳаси намойиш этилди. Шунингдек, иштирокчиларни шу йил ноябрь ойида Шэньчжэнь шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (АТЭС)нинг 33-норасмий раҳбарлар учрашуви доирасидаги тадбирларда иштирок этишга таклиф этилди.
Шэньчжэнь шаҳар Коммунистик партияси (КПК) қўмитаси Тарғибот бўлими мудири ўринбосари Цзэн Сянлай тақдимотда Шэньчжэнь ва Бишкек ўртасида биродарлашган шаҳарлар муносабатлари ўрнатилганига ўн йил тўлганини қайд этди. Шу давр мобайнида икки шаҳар ўртасида турли соҳалардаги алоқалар изчил ривожланиб, ҳамкорликнинг мустаҳкам асоси шаклланган.
Шэньчжэнь бугун халқаро инновацион марказ сифатида транспорт инфратузилмаси, илмий-технологик тараққиёт ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шаҳарнинг кўп тармоқли транспорт тизими Ипак йўли бўйлаб ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга хизмат қилса, илмий-технологик инновациялар ва гуманитар алмашинувлар мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга замин яратмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Шэньчжэньда АТЭСнинг 33-норасмий раҳбарлар учрашувининг ўтказилиши шаҳарнинг халқаро мулоқот ва ҳамкорлик майдони сифатидаги аҳамиятини яна бир бор намоён этади.
Тадбирда Shenzhen TV телеканали “Zhi Xinwen” дастури мухбири Сюн Сюн Шэньчжэнь ва Қирғизистоннинг муштарак тараққиёт йўлини учта сурат орқали намойиш этди.

Уларда Халқаро савдо компанияси биносидаги минорали кран, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон юк поезди ҳамда Ингэ роботлаштирилган рақсининг барабан садолари акс этган. Мазкур лавҳалар орқали қурилиш ва тараққиёт, очиқлик ва ўзаро боғлиқлик, маданиятлар алмашинуви ва ўзаро бойиш жараёнлари ифодаланди.
Тадбирда Қирғизистон маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазири ўринбосари Салқин Сарногоева Марказий Осиёда “Шэньчжэнь тарихи” глобал шаҳар цивилизацияси алмашинуви лойиҳасининг тақдим этилиши муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Хитой ва Қирғизистон ўртасида қатор йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётгани, Шэньчжэнь тажрибаси билан танишиш эса Қирғизистон учун шаҳарсозлик, инновациялар ва иқтисодий ривожланиш соҳаларида янги имкониятларни ўрганишга хизмат қилиши қайд этилди.
Тадбир давомида “Ипак йўли дўстлик элчилари”нинг 10 гуруҳи ўз фаолияти ва Ипак йўли билан боғлиқ ҳаётий ҳикоялари билан ўртоқлашди.
Хитойда Қирғизистоннинг собиқ элчиси Канайим Бақтиғулова “Ипак йўли дўстлик элчиси” унвонига сазовор бўлганидан миннатдорлик билдириб, икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада ривожлантиришга ҳисса қўшишини билдирди.
Шэньчжэньлик “Ипак йўли дўстлик элчилари” – China State Construction Steel Engineering компанияси вакили Сюн Цинцин ҳамда Алакапан Сивакамар ўз касби ва фаолияти орқали турли ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, масофаларни яқинлаштириш ва ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш тажрибалари ҳақида сўз юритди.
Shenzhen Energy Group компанияси жамоавий “Ипак йўли дўстлик элчиси” сифатида яшил тараққиёт, ҳамкорлик ва ўзаро манфаат тамойилларига асосланган ривожланиш тажрибасини тақдим этди.
Тадбирнинг маданий дастуридан Хитой ва Қирғизистон ўртасидаги ижодий ҳамкорлик намуналари ҳам ўрин олди. Жумладан, Шэньчжэньнинг номоддий маданий меросга асосланган “Цзяньцю” мода бренди қирғизистонлик дизайнерлар билан ҳамкорликда “Ипак йўлининг булутли либослари” номли хитой-қирғиз либослари намойишини ўтказди.

Шунингдек, тадбир майдонида Шэньчжэньнинг технология ва маданият кўргазма ҳудуди ташкил этилди. Унда экзоскелет роботлари, бионик ҳаракатчан қўллар каби 20 дан ортиқ илғор илмий-технологик маҳсулот намойиш қилинди.
Кўргазмада “Вин Чун” мавзусидаги иллюстрацияли китоб ҳам меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди.
“Ипак йўли дўстлик элчилари” тантанали тадбири Хитой халқаро маданий алмашинув маркази, “Жэньминь жибао” газетаси ва “Global People” журнали таҳририяти томонидан ҳамкорликда ташкил этиладиган халқаро маданий-алмашинув тадбири ҳисобланади.
Мазкур тадбир 2020 йилдан буён тўрт марта ўтказилиб, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги муҳим халқаро маданий мулоқот майдонларидан бирига айланган.
Бу йилги тадбир унинг тарихида янги босқични бошлади. Илк бор тадбир Шэньчжэнь шаҳар КПК қўмитаси Тарғибот бўлими ҳамкорлигида, Шинжон халқаро иқтисодий ва маданий ривожланиш маркази ҳамда Шэньчжэнь радио, кино ва телевидение гуруҳи кўмагида ташкил этилди.
Тадбир доирасида билдирилган таклифлар ва намойиш этилган лойиҳалар Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳри, Қирғизистон ва минтақа мамлакатлари ўртасида иқтисодий, технологик ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганини кўрсатди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА