БТА: Болгария ЕИда илм-фанга давлат сармояси ўсишида етакчи
Болгария 2015–2025 йилларда илмий тадқиқотлар ва тажриба-конструкторлик ишларини (Research and Development – R&D) давлат томонидан молиялаштириш ўсиши суръати бўйича Европа Иттифоқида биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда ахборот ҳамкоримиз – БТА хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, 2025 йилда Европа Иттифоқига аъзо давлатлар илмий тадқиқотлар ва тажриба-конструкторлик ишларини давлат бюджетлари ҳисобидан молиялаштириш учун жами 130,2 миллиард евро ажратган. Бу Европа Иттифоқи ялпи ички маҳсулотининг тахминан 0,7 фоизига тенг.
Мақолада таъкидланишича, мазкур кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 2,4 фоиз, 2015 йилга нисбатан эса 60,5 фоизга ошган. Болгарияда эса мазкур йўналишга давлат томонидан ажратиладиган маблағлар аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 2015 йилдаги 15,5 евродан 2025 йилда 92,3 еврога етган. Натижада мамлакатда ушбу кўрсаткич 495,5 фоизга ўсиб, Европа Иттифоқида энг юқори ўсиш суръати қайд этилди.
Муаллифнинг қайд этишича, Европа Иттифоқида 2025 йилда илмий тадқиқотлар ва тажриба-конструкторлик ишларига давлат бюджетларидан аҳоли жон бошига ўртача 288,9 евро ажратилган. Бу 2015 йилдаги 183,2 евро билан таққослаганда 57,7 фоизга кўпдир.
Аҳоли жон бошига энг катта давлат харажатлари Люксембургда қайд этилган бўлиб, бу ўлкада мазкур кўрсаткич 917,2 еврони ташкил этган. Кейинги ўринларда Дания (627,1 евро) ва Германия (553,5 евро) жойлашган.
Энг паст кўрсаткичлар эса Руминия (18,8 евро), Венгрия (57,4 евро) ва Мальта (73,7 евро) ҳиссасига тўғри келган. Болгарияда аҳоли жон бошига 92,3 евро сарфланган бўлиб, республика ушбу рейтингда Мальтадан бир поғона юқори ўринни эгаллаган.
БТА хабарига кўра, 2015–2025 йиллар давомида илмий тадқиқотлар ва тажриба-конструкторлик ишларига давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар аҳоли жон бошига ҳисоблаганда фақат Руминияда камайган. Хусусан, ушбу давлатда кўрсаткич 20,8 евродан 18,8 еврога тушиб, 9,6 фоизга қисқарган.
Қолган барча ЕИ мамлакатларида ўсиш қайд этилган. Энг паст ўсиш Швецияда кузатилиб, у 14,7 фоизни ташкил этган. Бу мамлакатда аҳоли жон бошига ажратилган маблағ 363,4 евродан 416,7 еврога етган.
(Ушбу мақола ЎзА ва БТА ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик келишувига мувофиқ тайёрланди)
Ў.Алимов, ЎзА