Шахс ҳуқуқбузарликда гумон қилинганда суд қарорисиз қанча муддат ушлаб турилиши мумкин?
Ҳуқуқий муносабат
Илгари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, айрим ҳуқуқбузарликлар жумладан, чегара режимини бузиш содир этилганда ва ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаганда прокурор санкцияси билан ушлаб туриш тартиби мавжуд эди. Ушбу ҳолатда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида муҳим ўзгаришлар юз берди.
Бу ҳақида Тошкент давлат юридик университети, Ҳуқуқ ва технологиялар шўъбаси ўқитувчиси Хушназар Жўраев қуйидагича тушунтириш берди:
–Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 27-моддасига мувофиқ, шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Бу норма шахсий дахлсизлик ва инсон эркинлигини ҳимоя қилувчи “Habeas Corpus” институтининг кафолати ҳисобланади.
Бироқ, 2026 йил 22 сентябрга қадар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 288-моддаси 2-қисмига кўра, чегара тартибини бузган шахсларни прокурорга хабар берган ҳолда 3 суткагача (72 соат), шахсни тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлмаганда эса прокурор санкцияси билан 10 суткагача (240 соат) маъмурий ушлаб туриш амалиёти мавжуд эди.
Ушбу коллизион норма фуқароларнинг мурожаатлари сабабли Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) томонидан Конституциявий судга олиб чиқилди. Конституциявий суд шахс эркинлигини чеклашда прокурор санкцияси ёки унинг хабардор қилиниши холис ва мустақил суд қарорининг ўрнини боса олмаслигини қатъий таъкидлади. Шу сабабдан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 288-моддаси 2-қисмидаги шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ (3 суткадан 10 суткагача) ушлаб туришни назарда тутувчи қоидалар Конституцияга номувофиқ деб топилди ва ўз кучини йўқотди.
Эндиликда ҳеч бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган фуқарони суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб тура олмайди. Агар 48 соат ичида ушлаб туриш муддатини узайтириш бўйича суд қарори олинмаса, шахс дарҳол озод қилиниши шарт. Ушбу қарор “Habeas Corpus” тамойилининг маъмурий ҳуқуқда ҳам тўлиқ қарор топишини ҳамда Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлади.
Асос: Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг қарори.
Гулноза Бобоева, ЎзА