Шаҳин Сейидзода: Ўзбекистон - Озарбайжон муносабатлари минтақавий стратегик аҳамият касб этмоқда
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Тошкентда матбуот учун берган баёнотларида икки қардош ўлка ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари манзарасини чизиб берди. Бу ҳақда Озарбайжон Миллий Мажлиси депутати Шаҳин Сейидзода ахборот ҳамкоримиз - "АзерТАЖ"га берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, ташриф Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар анъанавий икки томонлама алоқалар доирасидан чиқиб, кенг минтақавий жараёнларнинг муҳим таркибий қисмига айланганини яна бир бор намойиш этди.
- Бу муносабатлар сиёсий ишонч, иқтисодий бир-бирини тўлдириш, маънавий яқинлик, гуманитар ҳамкорлик ва минтақавий стратегик манфаатлар муштараклигига асосланади. Бугунги кунда Озарбайжон ва Ўзбекистон ўзаро ишончни аниқ лойиҳаларга, сиёсий иродани иқтисодий натижаларга, тарихий қардошликни эса замонавий стратегик шерикликка айлантираётган намунали муносабатлар моделини намойиш этмоқда, -деди Ш.Сейидзода.
Ташриф давомида қабул қилинган "йўл харитаси”, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш мақсади, ҳудудлараро алоқалар ва янги қўшма лойиҳалар бунга мустаҳкам замин яратмоқда.
Озарбайжон ва Ўзбекистон яқин йилларда янада яқин иқтисодий интеграция, замонавий транспорт ҳамкорлиги, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришда салмоқли натижаларга эришиши учун барча асослар мавжуд.
А.Маматов, ЎзА