Миграция инқирози Испания қонунларига “совут кийгизмоқда”
Испания ҳукумати ўз миграция қонунларини Европа Иттифоқининг янги талабларига мослаштиришга тайёргарлик кўрмоқда. Янги тартиб бошпана сўровларини рад этиш ва ноқонуний келганларни қайтариш жараёнини тезлаштиради. Бу ўзгаришлар ЕИнинг Миграция ва бошпана бўйича 12 июндан кучга кирган пакети асосида амалга оширилади.
Қарор Сеутадаги инқироз ҳал этилмай турган бир пайтга тўғри келди. Жорий йил июль ойида Марокашдан Сеутага бир кунда 80 мингга яқин киши ноқонуний равишда ўтган. Уларнинг аксарияти ортга қайтган, аммо қарийб 5 минг киши ҳали ҳам шаҳарда қолмоқда. Улар орасида 2 мингга яқин вояга етмаганлар ҳам бор.
Айниқса, ҳамроҳсиз келган болалар масаласи Мадрид учун долзарб бўлиб турибди. Уларни Испания ҳудудига ўтказиш режаси ҳукумат, консерватив мухолифат ва Сеута маъмурияти ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли тўхтаб қолган. Европа комиссияси эса мамлакатда қолиш учун ҳуқуқий асоси бўлмаган шахсларни қайтариш, шу билан бирга, болалар ҳуқуқларини халқаро меъёрлар асосида ҳимоя қилиш зарурлигини билдирган.
Янги қонун лойиҳаси Сеута билан чекланмайди. У мигрантларни дастлабки текширувдан ўтказиш тартибини ҳам жорий этади ва ноқонуний қайиқлар орқали келувчилар кўпайган Канар оролларига ҳам татбиқ қилинади.
Шунингдек, Испания ҳукумати вазиятни миллий хавфсизлик учун муҳим масала деб баҳолаб, чораларни ягона бошқарув асосида мувофиқлаштиришга қарор қилди. Мадрид оммавий оқимга одам савдогарлари ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар сабаб бўлганини айтмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА