“OpenAI” суиқасдни бартараф этишга ёрдам берди
“Palm Beach Post” нашрининг суд ҳужжатларига таяниб хабар қилишича, “OpenAI” хавфсизлик тизими АҚШнинг Флорида штатида яшовчи 21 ёшли аёлга нисбатан режалаштирилган оғир жиноятнинг олдини олди.
“Goldman Sachs” инвестиция банкининг 25 ёшли таҳлилчиси Даррен Шида Чжоу чат-бот билан ёзишмаларида собиқ севгилисини ўғирлаб кетиш ва ўлдириш ниятида эканини атрофлича тасвирлаб бериб, агар қиз унга иккинчи имкониятни бермаса, ушбу жиноятни содир этиб, сўнг ўз жонига қасд қилишини ёзган.
Суҳбатдаги таҳдидларни аниқлаган “OpenAI” хавфсизлик тизими ҳолатни синчиклаб текширгач, маълумотларни Федерал қидирув бюросига (ФҚБ) юборган. Тезкор ўрганишлардан сўнг, маҳаллий полиция мазкур хабарларни ҳақиқий хавф сифатида баҳолаб, Чжоуни ҳибсга олди. Суд жараёнида айбдор ўз қилмишини тан олди ва ажрашгандан сўнг собиқ севгилисига турли рақамлардан тинимсиз қўнғироқ қилиб, безовта қилганини тасдиқлади.
Суд қарорига кўра, Чжоуга 8 йиллик синов муддати (шартли жазо) белгиланди. Шунингдек, унга жабрланувчи билан боғланиш ва ўқотар қуролга эгалик қилиш қатъиян ман этилди. Юз берган воқеадан сўнг “Goldman Sachs” компанияси жиноятчи билан меҳнат шартномасини бекор қилган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА