Шаҳарсозлик ва туризм: 160 дан ортиқ ҳудудда мастер режалар амалга оширилмоқда
2025-2026 йиллар давомида республика бўйлаб 160 дан зиёд туман ва шаҳарларнинг истиқболли ҳудудлари учун мастер режалар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири матбуот котиби - ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Равшана Умарова иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Таъкидланишича, мастер режалар асосан туман марказлари, соҳил бўйлари ва туризм ҳудудларини ривожлантиришга қаратилган. Мазкур жараённи мувофиқлаштириш мақсадида вилоят ҳокимликларида махсус Лойиҳа офислари ташкил этилган.
Шаҳрисабз туманида хорижий компания томонидан ишлаб чиқилган мастер режа асосида “Шаҳрисабз” туризм маркази ҳамда 500 гектарлик агроэкотуризм мажмуалари фойдаланишга топширилди. Ушбу тажриба асосида “Омонхона” ва “Сангардак” туризм марказларида ҳам амалий ишлар бошланди.
Шунингдек, Андижон вилоятининг Ширмонбулоқ, Кампировот ва Имом ота ҳудудларида туризм масканларини барпо этишга қаратилган мастер режалар ишлаб чиқилди. Қува туманида эса “Каркидон” сув омбори атрофида 258 гектар майдонда замонавий туризм маскани фойдаланишга топширилди.
Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Қашқадарё, Хоразм ва Самарқанд вилоятларида дам олиш масканлари, пиёдалар ва велойўлаклар ҳамда замонавий инфратузилма объектларини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.
Брифингда қайд этилганидек, ҳудудий ривожланишнинг янги босқичи сифатида фазовий режалаштириш тизими жорий этилмоқда. Бу йўналишда Жаҳон банки кўмагида Франция, Буюк Британия, Испания ва бошқа давлатларнинг етакчи шаҳарсозлик компаниялари жалб қилинган.
Мутахассислар салоҳиятини ошириш мақсадида хорижий экспертлар иштирокида амалий семинарлар ҳам ташкил этилмоқда. Хусусан, 2026 йилнинг биринчи чорагида Туркиянинг “ПАЛ” компанияси билан ҳамкорликда Фарғона шаҳрида малака ошириш семинари ўтказилди.
Мазкур ишлар ҳудудларнинг иқтисодий ва туристик салоҳиятини ошириш, аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратиш ҳамда инвестицияларни жалб этишда муҳим аҳамият касбэтади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА