Биродар шаҳарлар – барқарор ривожланиш ва халқ дипломатиясининг янги модели
24-25 июль кунлари Самарқанд шаҳрида юртимиз тарихида илк бор Биродар шаҳарлар халқаро форуми ўтказилмоқда.
Унда Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси, Биродар шаҳарлар альянси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 20 га яқин хорижий мамлакатдан эксперт ва мутахассислар, шаҳар маъмуриятлари масъуллари, Ўзбекистондаги хорижий давлатлар элчихоналари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари иштирок этмоқда.
Форум “Биродар шаҳарлар – барқарор ривожланиш ва халқ дипломатиясининг янги модели” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция билан ўз ишини бошлади.
Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раиси Қаҳрамон Сариев, Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев ва бошқалар сўзга чиқиб, юртимизда илк бор ташкил этилаётган мазкур халқаро форум юртимиз ҳудудларининг дунёнинг турли шаҳарлари билан савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, туризм ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
– Бугунги кунда шаҳарлар иқтисодий тараққиёт, инвестициялар, инновациялар, туризм ва маданий алмашинувнинг муҳим марказларига айланмоқда, – деди Қаҳрамон Сариев. – Жумладан, мамлакатимизнинг пойтахти, шу билан бирга йирик тарихий шаҳарлар, вилоятлар марказлари дунёга машҳур шаҳарлар, йирик мегаполислар билан биродарлашув муносабатларини йўлга қўйиб, барқарор ривожланиш йўлига тушмоқда. Айни пайтда мамлакатимиздаги шаҳарлар дунёнинг турли минтақаларидаги 88 шаҳар билан биродарлик келишувларига эришиб, яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Яқин йилларда бу рақамни 150 тага етказиш кўзда тутилган. Юртимизда илк бор ташкил этилган биродар шаҳарлар форуми ҳам ана шу мақсад йўлидаги ҳаракатларимизнинг бир кўриниши сифатида Ўзбекистон ва хорижий давлатларнинг биродар шаҳарлари ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш, халқ дипломатияси тамойиллари асосида маданий-гуманитар, иқтисодий, таълим, илм-фан, туризм ва инновация йўналишларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
[gallery-30559]
Анжуман ялпи мажлисида Япониянинг Нара шаҳри мэри Мотонобу Накагава, Туркманистоннинг Ашхобод шаҳри мэри Раҳим Гандимов, Озарбайжоннинг Ганжа шаҳри ҳокими Ниёзи Байрамов, Сербиянинг Белград шаҳри мэри ўринбосари Весна Видович ва бошқалар сўзга чиқиб, Самарқандда ўтказилаётган мазкур тадбир шаҳарлар ўртасида халқ дипломатияси асосида дўстлик, ҳамжиҳатлик ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши, ўзаро тажриба алмашиш учун қулай имконият эканлигини таъкидладилар.
– Бугунги кунда бизнинг шаҳримиз дунёга машҳур қадимий Самарқанд билан биродарлик алоқаларини йўлга қўйган, – дейди Нара шаҳри мэри Мотонобу Накагава. – Аммо ўтмишга қарайдиган бўлсак, халқларимиз ўртасидаги алоқалар икки минг йиллик тарихга эга эканлигига гувоҳ бўламиз. Археологик қазишмалар ва тарихий манбалар халқларимиз қадимий Буюк ипак йўли орқали ўзаро ҳамкорлик қилганидан далолат беради. Ёки ўтган асрнинг ўрталарида минглаб японлар Тошкент, Самарқанд ва бошқа шаҳарларда йирик қурилиш объектларида ишлаган. Шаҳарларимизнинг яқин ҳамкорлиги ана шу тарихий муносабатларни янада ривожлантириш ва янги босқичда давом эттириш, таълим, маданият, туризм соҳаларидаги алоқаларимизни мустаҳкамлашга катта туртки беради. Шунинг учун ҳам ушбу форумга катта иштиёқ билан келдим.
Конференция уч тематик сессияда ўз ишини давом эттирди. Жумладан, “Биродар шаҳарлар ва ҳудудлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий ҳамкорлик” мавзусидаги сессия доирасида биродар шаҳарлар ва ҳудудлар ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар шаҳарлар иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш кооперациясини йўлга қўйиш, экспорт имкониятларини кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича фикр-мулоҳаза алмашдилар.
“Биродар шаҳарлараро фан-таълим, технология ва инновациялар ҳамкорлигининг истиқболлари” сессиясида биродар шаҳарлар ўртасида илм-фан, таълим, рақамли технологиялар ва инновациялар соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. Сессия давомида олий таълим муассасалари, илмий марказлар ва инновацион ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, академик алмашинув дастурларини ривожлантириш ҳамда ёш олимлар ва тадқиқотчилар учун янги имкониятлар яратишга келишиб олинди. Шунингдек, “ақлли шаҳар” технологиялари, замонавий бошқарув тизимлари, экологик инновациялар ва рақамли ечимларни жорий этиш бўйича халқаро тажриба алмашинуви масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
“Туризм – глобал биродар шаҳарлар тармоғини ривожлантиришнинг стратегик воситаси” номли сессияда туризм соҳаси биродар шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантириш ва халқ дипломатияси имкониятларини кенгайтиришнинг муҳим йўналиши сифатида муҳокама қилинди. Мазкур сессия доирасида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, туризм салоҳияти ва замонавий туризм имкониятларини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, хорижий шаҳарлар билан қўшма туристик лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда янги йўналишларни шакллантириш масалалари юзасидан тақдимот ўтказилди.
Конференцияда муҳокама этилган масалалар якуни бўйича резолюция қабул қилинди. Иштирокчилар “Биродар шаҳарлар – барқарор ривожланиш ва халқ дипломатиясининг янги модели” мавзуидаги халқаро илмий-амалий конференция биродар шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, халқ дипломатияси имкониятларини кенгайтириш ва халқаро тажриба алмашинувини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этганини таъкидладилар.
Форум доирасида B2B ва B2G учрашувлари, инвестиция тақдимотлари, кўргазмалар ҳамда ҳамкорлик битимларини имзолаш маросимлари ўтказилди.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари