Шаҳарларнинг имкониятлари ўрганилди
Самарқандда ташкил этилган Биродар шаҳарлар биринчи халқаро форуми доирасида “Шаҳарлар имкониятлари кўргазмаси” ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри масъуллари, биродар шаҳарлар делегациялари, дипломатик корпус ва бизнес доиралари вакиллари, хорижий ва маҳаллий экспертлар қатнашди.
Кўргазма экспозицияларида ҳудудларнинг саноат, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, логистика, туризм, инфратузилма, инновация ва бошқа устувор йўналишлардаги имкониятлари акс эттирилди. Ҳар бир шаҳар ўзининг ривожланган тармоқлари, иқтисодий салоҳияти, инвестиция учун истиқболли лойиҳалари ҳамда туризм имкониятларини фото ва визуал материаллар орқали намойиш этди.
Тақдим этилган материалларда ҳудудларнинг қайси соҳаларда илғор тажрибага эга экани, жумладан, саноат марказлари, замонавий ишлаб чиқариш корхоналари, ҳунармандчилик анъаналари, тарихий-маданий мерос объектлари, туристик йўналишлар, инновацион лойиҳалар ва инфратузилма имкониятлари кенг ёритилди.
[gallery-30566]
– Бизда Шарқ дейилганда асосан туризм объектлари тушунилади, – дейди Франциянинг Рюэй-Мальмезон шаҳри вакили Патриса Капшик. – Балки шунинг учун ўттиз йилдан бери фақат Бухоро шаҳри билан ҳамкорлик қиламиз. Лекин бугун Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари кўргазмалари билан танишиб, Хива, Қўқон шаҳарлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ҳам катта имкониятлар борлигига гувоҳ бўлдим. Бу ҳудудлар билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича фикрлашиб, келгуси режалар ҳақида суҳбатлашдик. Бундай тадбирлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади, албатта.
Хорижий делегациялар, биродар шаҳарлар вакиллари, инвестор ва бизнес доиралар вакиллари бу маълумотлар асосида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, таклиф ва ташаббусларини билдирди.
– Биродар шаҳарлар форуми иштирокчилар учун манфаатли бўлди, деб ўйлайман, – дейди Покистоннинг Исломобод шаҳри мери ўринбосари Умаир Муҳаммад. – Покистон ва Ўзбекистон ҳамкорлиги, дўстлик алоқалари кейинги йилларда янги босқичга кўтарилганлигини кўриб турибмиз. Буни энди ҳудудлараро муносабатларда янада мустаҳкамлаш, ривожлантириш икки томон учун манфаатли бўлади, албатта. Мен ташриф давомида Ўзбекистон туризми жадал ривожланаётганлигига амин бўлдим. Айниқса, Самарқандда туризм юқори суръатда ривожланмоқда. Шу боис, бу ерда меҳмонхоналарга бўлган талаб ортиб бормоқда. Айни ушбу йўналишда бизнес юритиш келгусида юқори натижаларни беради, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам мазкур йўналишга масъуллар билан батафсил фикрлашиб, ўз таклифларимни билдирдим. Форум доирасида эришилган келишувларимиз келгусидаги истиқболли ҳамкорликларимизга асос бўлади.
Кўргазма давомида форум иштирокчилари ўртасида B2B ва B2G учрашувлари ўтказилди.
Биродар шаҳарлар халқаро форуми иштирокчилари Самарқанд халқаро туризм маркази ҳудудида дўстлик рамзи сифатида дарахт кўчатлари ўтқазди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА