Шаҳар қиёфасига кўрк бағишлади
Андижон шаҳридаги Бобур шоҳкўчасининг икки қисмини боғловчи йўл ўтказгич ҳамда ушбу кўчанинг “Янги бозор деҳқон бозори” қисмидаги пиёдалар ўтиш кўпригининг фойдаланишга топширилганлиги аҳоли учун катта қулайлик яратди.
Шаҳарда транспорт қатновидаги тирбандликларни камайтириш, шаҳар марказларини ўзаро боғлайдиган ва айланиб ўтилаётган масофани бартараф этиш, аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида барпо этилган автомобиль кўпригининг умумий узунлиги — 796 метр, эстакада қисми — 596 метр, тиркама деворлар узунлиги — 200 метр, кенглиги эса 25,9 метрдан иборат.
Ушбу кўприк умумий қиймати 271 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида “Кўприкқурилиш” АЖ томонидан қурилди. Эндиликда кўчанинг биринчи қисмидан иккинчи қисмига ўтиш учун сарфланадиган вақти 17 дақиқага қисқарди.
[gallery-31683]
– Мен Бобур шоҳкўчасининг Янги бозор ҳудудидаги қисмида яшайман, – дейди фуқаро Зоҳиджон Ҳомидов. – Кўчанинг иккинчи қисмида жойлашган ишхонамга етиб боргунча аввал 30-35 дақиқа сарфлар эдим. Агар тирбандлик бўлса 50 дақиқа вақт кетар эди. Янги кўприк ишга тушгач, ишга бориш учун 15 дақиқа вақт сарфлаяпман, энг асосийси, тирбандлик йўқолди. Янги кўприк қурилиб, ишга туширилганлигидан бутун Андижон аҳли хурсанд. Кўприк нафақат одамларнинг узоғини яқин қилди, балки шаҳримиз қиёфасига кўрк бағишлади.
Шаҳарнинг Янги бозор ҳудудидаги пиёдалар ўтиш жойи Андижон шаҳридаги энг гавжум жой ҳисобланади. Бозорга келувчилар, қолаверса, Асака, Марҳамат, Шаҳрихон, Бўстон туманларидан келадиган йўловчи ташувчи транспорт воситалари айнан шу жойга келиб тўхтайди. Туманлардан келган фуқароларнинг аксарияти мазкур пиёдалар йўлагидан ўтиб, кейин шаҳарнинг турли жойларига кетади. Шу боис ҳам ушбу пиёдалар ўтиш жойида доимий тирбандлик юзага келар эди.
Пиёдалар учун осма кўприк барпо этилиши, айниқса, чиқиш ва тушиш учун эскалатор, ногирон фуқаролар учун лифт ўрнатилганлиги аҳолига жуда катта қулайлик яратди. Бу билан мазкур ҳудуддаги тирбандликка барҳам берилди, ҳам пиёдалар, ҳам транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун имкон яратилди.
– Мен Асака туманида яшаб, ҳар куни Андижон давлат университетига ишга келаман, – дейди АДУ ўқитувчиси Хуршидахон Аъзамова. – Ушбу пиёдалар ўтиш жойи кўплар қатори менга ҳам қийинчилик туғдирар эди. Мана, пиёдалар учун осма кўприк қурилди. Энди бу ердан хавфсиз, эмин-эркин ўта оляпмиз. Халқимизга яратилаётган бу каби қулайликлар учун аввало, Президентимизга, қолаверса, шундай хайрли ишларга бош-қош бўлаётган барча масъулларга раҳмат айтаман.
Бир сўз билан айтганда, юртдошларимиз учун яратилаётган бу каби қулайликлар, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилмоқда, турмуш фаровонлигини юксалтирмоқда, эртанги кунга бўлган ишончни мустаҳкамламоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари.