Шаффофлик, рақамлаштириш ва қатъий назорат
Бозор иқтисодиёти шароитида ҳар бир тадбиркорлик субъектининг қонуний фаолият юритиши, давлат бюджетига солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўз вақтида тушиб бориши, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш иқтисодий тараққиётнинг муҳим шартларидан ҳисобланади. Шу боис яширин иқтисодиётга қарши курашиш, иқтисодий муносабатларни легаллаштириш ва барча соҳаларда шаффофликни таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Президентимиз томонидан илгари сурилаётган иқтисодиётни рақамлаштириш, тадбиркорлик учун тенг ва адолатли шароит яратиш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда яширин иқтисодиётни қисқартиришга қаратилган ташаббуслар бу борадаги ишларнинг муҳим дастуриламали бўлиб хизмат қилмоқда. Зеро, қонуний ишлаган тадбиркорнинг манфаати ҳимояланган, иқтисодий жараёнлар шаффоф бўлган жойда инвестициявий жозибадорлик ва барқарор ривожланиш учун мустаҳкам замин яратилади.
Бухоро вилоятида мустақил прокуратура органлари ташкил этилганлигининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган республика семинарида айнан шу масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда Бош прокуратура, Транспорт вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Божхона қўмитаси, ҳудудий прокуратура органлари ҳамда тегишли ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирок этишди.
Семинарда сўзга чиққанлар ҳудудда яширин иқтисодиётни қисқартириш, иқтисодий фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, бу борада давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш масалаларига тўхталишди. Шунингдек, мамлакатимизда яширин иқтисодиётга қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар, эришилаётган натижалар ва олдинда турган устувор вазифалар хусусида атрофлича маълумот беришди.
Таъкидланганидек, бу борада назорат механизмларини такомиллаштириш билан бир қаторда, иқтисодий жараёнларни рақамлаштириш ва инсон омилини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, амалиётга 10 дан ортиқ электрон платформа жорий қилиниб, 1 100 дан зиёд объект рақамлаштирилди. Яширин иқтисодиётнинг юзага келишига сабаб бўлаётган тизимли омилларни бартараф этиш мақсадида Ҳукуматга 200 дан ортиқ таклиф киритилди. Уларнинг бир қисми қонунчиликда ўз ифодасини топмоқда.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида яширин иқтисодиёт улуши 21,8 фоизни ташкил этиб, кейинги уч йилда 15,5 фоизга камайгани қайд этилди. Бу рақамлар иқтисодий муносабатларни қонунийлаштириш борасида муайян натижаларга эришилаётганини кўрсатади. Айни пайтда мавжуд кўрсаткичлар соҳадаги ишларни изчил давом эттириш, яширин фаолиятга сабаб бўлаётган омилларни илдизи билан бартараф этиш зарурлигини ҳам англатади.
Семинарда Бухорода яширин иқтисодиётга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар, жумладан, туризм ва транспортда юк ташиш соҳаларини рақамлаштириш бўйича вилоят тажрибаси тақдим этилди.
Дарҳақиқат, Бухоро каби сайёҳлик салоҳияти юқори бўлган ҳудудда меҳмонхона, жойлаштириш воситалари, туристик хизматлар ва транспорт фаолиятининг рақамли ҳисобини йўлга қўйиш нафақат хизматлар сифатини ошириш, балки иқтисодий айланмаларнинг шаффофлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-32758]
Семинарда солиқ ва божхона органлари томонидан яширин иқтисодиётни қисқартириш йўналишида амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ҳамда келгуси режалар юзасидан тақдимотлар ўтказилди. Ижара хизматлари, солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ва қурилиш соҳаларида яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича Олмазор тумани тажрибаси, “Яширин иқтисодиёт харитаси” платформасининг имкониятлари ҳамда рақамли технологияларни соҳаларга кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида ер қаъри ва туз конларидан фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш, балиқчилик хўжаликларида яширин иқтисодиёт улушини камайтириш, транспорт ва қурилиш соҳаларида қонуний фаолиятни таъминлаш борасидаги ишлар тақдим этилди.
Самарқанд вилояти тажрибаси мисолида эса қимматбаҳо металларни “олтин изловчилар” усулида қазиб олиш, заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш жараёнларида яширин иқтисодиётни қисқартириш масалалари кўриб чиқилди.
Тақдимотлар давомида бир жиҳат алоҳида намоён бўлди: яширин иқтисодиётга қарши курашиш фақат назорат тадбирларини кучайтириш билан чекланмайди. Бунинг учун соҳалардаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларига қулай шароит яратиш ва рақамли ҳисоб-китоб механизмларини кенгайтириш талаб этилади.
Муҳокамалар якунида иштирокчилар ўртасида савол-жавоблар ўтказилиб, билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича амалга оширилган ишлар самарадорлиги юзасидан эълон қилинган танлов ғолиблари тақдирланишди.
Семинар доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ҳам ташкил этилди. Унда муҳокама қилинган масалалар, эришилган натижалар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан журналистларга батафсил маълумот берилди.
Тадбирнинг амалий қисмида иштирокчилар Бухоро шаҳридаги Нодир Девонбеги мажмуасида туризм соҳасини рақамлаштириш ва яширин иқтисодиётни қисқартириш мақсадида ишлаб чиқилган “Easy Trip” дастурининг имкониятлари билан танишдилар.
Эътиборлиси, семинарда илгари сурилган фикр ва таклифлар яширин иқтисодиётга қарши курашишда идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳудудлардаги илғор тажрибаларни оммалаштириш ва замонавий рақамли ечимлардан самарали фойдаланиш зарурлигини яна бир бор кўрсатди.
Зеро, яширин иқтисодиётни қисқартириш — бу фақат солиқ тушумларини кўпайтириш эмас. Бу энг аввало, ҳалол меҳнат ва қонуний тадбиркорликни рағбатлантириш, бюджет имкониятларини кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда фуқароларнинг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлаш демакдир. Шу маънода, Бухорода ўтказилган республика семинарида муҳокама қилинган масалалар иқтисодиётни янада очиқ, адолатли ва барқарор ривожлантириш йўлида муҳим амалий аҳамиятга эга.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари