“Ўзбекгидроэнерго” ва Евроосиё тараққиёт банки ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон гидроэнергетика соҳасига халқаро инвестицияларни жалб этиш ва йирик энергетика лойиҳаларини молиялаштириш борасида янги ҳамкорлик йўналиши шаклланмоқда.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ раҳбари Ислом Абдураҳмонов Евроосиё тараққиёт банки раиси Николай Подгузов билан учрашиб, соҳанинг инвестициявий имкониятлари ва келгусидаги ҳамкорлик режаларини муҳокама қилди.
Маълум қилинишича, мамлакатимизда гидроэнергетика қувватларини 2032 йилга қадар 2 400 МВтдан 5 538 МВтга етказиш кўзда тутилган. Ушбу мақсад йўлида қарийб 3,7 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Музокараларда Пском ва Чорбоғ ГЭСлари, Юқори Тўпаланг гидроэнергетика зонаси, янги гидроаккумуляция станциялари ҳамда бошқа истиқболли объектларни молиялаштириш масалаларига эътибор қаратилди.

Ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларидан бири давлат кафолатларисиз корпоратив молиялаштириш имкониятларини ишлаб чиқишдан иборат бўлди. Шунингдек, грант маблағларини жалб этиш, ускуналар хариди учун савдо молиялаштириш механизмларидан фойдаланиш ва халқаро компаниялар билан ҳамкорлик қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Евроосиё тараққиёт банки 2031 йилга қадар Ўзбекистон иқтисодиётига 3 миллиард долларгача инвестиция киритишни режалаштирган. Банк вакиллари гидроэнергетика лойиҳаларида молиявий ҳамкор ва инвестор сифатида иштирок этишга қизиқиш билдирди.
Музокаралар якунида икки томон ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Шунингдек, устувор лойиҳаларни молиялаштириш шартлари, вазифалар ва амалга ошириш муддатларини белгилайдиган қўшма “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Жамият ахборот хизматига кўра, янги келишув гидроэнергетика соҳасида инвестиция манбаларини кенгайтириш ва режалаштирилган лойиҳаларни амалга оширишда халқаро молиявий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА