"ROADSHOW TOSHKENT-2026": Ўзбекистоннинг янги инвестиция имкониятлари намойиш этилди
Бугун Тошкентдаги Халқаро бизнес марказида "Ўзбекистон Республикасининг инвестициявий имкониятлари ва давлат активлари" мавзусида "ROADSHOW TOSHKENT- 2026" халқаро инвестиция тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирнинг расмий очилиш маросимида Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Нодирбек Ҳусанов, Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Марказий ва Ғарбий Осиё департаментининг хусусий секторни ривожлантириш бўйича минтақавий раҳбари Энрико Пинали ва бошқалар мамлакатимизнинг инвестициявий салоҳияти, хусусий секторни ривожлантириш, хусусийлаштириш жараёнларида бизнес иштирокини кенгайтириш, халқаро молиявий инструментлар ва инвесторларни қўллаб-қувватлаш механизмларининг аҳамиятини таъкидлади.
Маълумки, “ROADSHOW” тадбирлари йил давомида республиканинг барча ҳудудларини қамраб олиб, тадбиркорлар ва инвесторларга хусусийлаштиришга таклиф этилаётган объектлар билан бевосита танишиш имконини берди. Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан бундай тадбирлар олтинчи йилдирки, изчил ташкил этиб келинмоқда. Бу эса маҳаллий ва халқаро ишбилармон доиралар билан ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Бизнес дастурининг марказий мавзуси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 28 августдаги фармони билан тасдиқланган 2026-2027 йилларга мўлжалланган хусусийлаштириш дастури тақдимоти бўлди. Унда иштирокчиларга дастурнинг асосий йўналишлари ва сотувга чиқарилиши режалаштирилган давлат активлари кўлами ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, 2026 йилда 84 та хўжалик жамиятининг устав капиталидаги давлат улушлари, 1 242 та кўчмас мулк объекти, шунингдек, умумий майдони қарийб 8 000 гектарни ташкил этувчи ер участкаларини сотувга чиқариш режалаштирилган.

Бундан ташқари, фармоннинг 2-иловасига мувофиқ, 2026-2027 йиллар давомида корхоналарнинг устав капиталидаги 62 та улуш пакетини реализация қилиш назарда тутилган. Дастурда белгиланган активларни сотишдан кутилаётган тушумлар ҳажми камида 14 триллион сўмни ташкил этади.
Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Нодирбек Ҳусановнинг таъкидлашича, хусусийлаштириш корхоналарни ривожлантириш ва уларнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
– Биз учун хусусийлаштириш натижаларини фақат сотувдан тушган маблағлар ҳажми билан баҳолаш етарли эмас. Асосий иқтисодий самара корхоналарга янги капитал, замонавий технологиялар, халқаро бошқарув тажрибаси ва қўшимча инвестицияларнинг кириб келиши, ишлаб чиқариш қувватларининг ошиши ҳамда янги иш ўринларининг яратилишида намоён бўлади.
Ислоҳотларнинг амалий натижалари ва инвесторлар учун яратилаётган имкониятларга тўхталадиган бўлсак, 2026 йилнинг 11 ойи давомида умумий қиймати 60,84 триллион сўмлик давлат активлари ва ер участкалари савдога чиқарилди. Шундан 30,21 триллион сўмлик активлар ва ер участкалари реализация қилинди. Шу билан бирга, АҚШ, Жанубий Корея, Сингапур, Нидерландия, Хитой, Германия, Туркия, Форс кўрфази мамлакатлари ва бошқа давлатлар инвесторларига 5,2 триллион сўмлик давлат активлари реализация қилинди. Бу эса халқаро бизнеснинг Ўзбекистондаги инвестициявий имкониятларга қизиқиши ортиб бораётганини тасдиқлайди ҳамда мамлакат иқтисодиётига хусусий капитални янада кенг жалб этиш учун янги истиқболларни очади, – деди Н.Ҳусанов.

Тақдимот давомида иштирокчилар давлат мулкини хусусийлаштириш ва ижарага беришнинг амалдаги механизмлари, савдоларда иштирок этиш шартлари ҳамда активларни сотиб олиш тартиби билан танишди. Шунингдек, давлат активларини харид қилиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда фойдаланиш мумкин бўлган халқаро молиявий инструментлар ҳамда молиялаштириш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
CMC компаниясининг Ўзбекистон бўйича директори Мариам Спарсиашвилининг фикрича, мамлакатдаги инвестициявий муҳит ва мавжуд имкониятлар жуда юқори баҳоланмоқда.
–Бугунги кунда Ўзбекистонда кечаётган жараёнлар ва инвесторларнинг мамлакатга бўлган қизиқиши таҳсинга сазовор. Менимча, дунёнинг бошқа ҳеч бир мамлакатида бундай имкониятлар ва инвестицион фаолликни учратиш қийин. Ҳатто сунъий интеллектдан бугун қаерга сармоя киритиш мақсадга мувофиқлигини сўрасангиз ҳам, у, шубҳасиз, Ўзбекистонни тавсия қилади.
Биз Ўзбекистонда кўплаб инвесторлар билан ишладик ва мамлакатга қизиқиш жуда юқори. Албатта, инвестиция жалб қилиш узоқ муддатли жараён. Инвесторнинг қарор қабул қилиб, лойиҳага киришиши учун вақт керак. Энг муҳими, давлат ва тегишли ташкилотлар ҳам инвестицияларни жалб қилишдан манфаатдор ҳамда инвесторлар учун зарур шарт-шароитларни яратмоқда.

Айниқса, меҳмондўстлик (hospitality), кўчмас мулкни ривожлантириш (development), тиббиёт, маълумотлар марказлари ва сунъий интеллект соҳаларига қизиқиш катта, – деди Мариам Спарсиашвили.
Тадбирнинг бизнес дастури инвестициявий имкониятларга бағишланган видеотақдимот, савол-жавоб сессияси, шунингдек, B2G ва B2B форматларидаги учрашувлар билан давом этди. Ушбу мулоқотлар инвесторларнинг ташаббусларини атрофлича кўриб чиқиш ва амалий ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш учун имконият яратди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА