Сербия Республикаси Оммавий ижрочилари палатаси вакиллари юртимизга ташриф буюришди
Жорий йилнинг 14–19 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг таклифига биноан Сербия Республикаси Оммавий ижрочилари палатаси делегацияси, Сербия Республикаси Оммавий ижрочилари палатаси Директорлар кенгаши раиси Вуядин Масникоса бошчилигидаги делегация юртимизга расмий ташриф буюрди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад мажбурий ижро соҳасида икки давлатнинг ваколатли органлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, амалий тажриба алмашиш, шунингдек, ижро ишини ташкил этишнинг замонавий ёндашувларини ўрганишдан иборат бўлди.
Ташриф доирасида Икки томонлама учрашув ва тажриба алмашинуви билан бошланиб, томонлар ўз идораларининг фаолияти юзасидан маърузалар тақдим этиб, уларда асосий фаолият йўналишлари, ташкилий тузилма, ваколатлар ҳамда миллий мажбурий ижро тизимларининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумотлар бериб ўтишди.

Шунингдек, ижро иши самарадорлигини ошириш, ижро жараёнларини рақамлаштириш, давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш, суд ҳужжатларини ижро этишнинг замонавий механизмларини қўллаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар соҳада мунтазам равишда тажриба ва касбий билим алмашиш муҳимлигини таъкидлаб, икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжудлигини қайд этишди.
Шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва Сербия Республикаси Оммавий ижрочилари палатаси раҳбарлари ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди. Мазкур ҳужжат икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, мажбурий ижро соҳасида ахборот ва тажриба алмашиш, қўшма тадбирлар, профессионал учрашувлар ва маслаҳатлашувлар ўтказиш, шунингдек, илғор амалиётларни ўрганиш учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган.

Меморандумнинг имзоланиши Ўзбекистон ва Сербиянинг мажбурий ижро соҳасидаги тегишли ташкилотлари ўртасидаги касбий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратмоқда. Тадбир давомида, меҳмон делегация вакиллари Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси фаолияти билан ҳам танишишди.

Сербия делегациясига ҳудудий бошқарма фаолиятини ташкил этиш, ижро ҳужжатларини ижро этиш тартиби, фуқаролар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик, шунингдек, ижро иши юритувида қўлланилаётган ахборот ва рақамли технологиялар ҳақида маълумот берилди.
Ташриф давомида мажбурий ижро органлари фаолиятини ҳудудий даражада ташкил этиш масалалари юзасидан амалий тажриба алмашишди.
Бу эса, келгусида ҳамкорлик ўзаро тажриба алмашиш, мажбурий ижронинг замонавий механизмларини ўрганиш ҳамда соҳада илғор касбий ёндашувларни жорий этиш учун имкониятлар ҳамда ташаббуслар учун мустаҳкам замин яратади.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА