Сенатда “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун рад этилди
Сенат ялпи мажлисида “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, қонуннинг асосий мақсади – маъмурий органлар фаолиятида ягона ҳуқуқий стандартларни белгилаш ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини оширишдан иборат.
– Қонунда бир қатор ижобий ва зарур нормалар ўз аксини топган, - деди Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов. – Хусусан, маъмурий тартиб-таомилларнинг муҳим принциплари, далилларни тўплаш, маъмурий актларни қабул қилиш ва ижро этиш босқичлари мустаҳкамлангани давлат органлари фаолияти қонунийлигининг процессуал кафолатларини ва фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, қонунда амалиётда қўллашда қийинчиликлар туғдириши мумкин бўлган айрим тизимли ҳуқуқий муаммолар, камчиликлар, бўшлиқлар мавжуд. Айрим тушунчалар ҳам ноаниқ.

Қонундаги айрим нормалар амалдаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига тўлиқ мослаштирилмаган. Масалан, қонунда маъмурий актлар устидан судга қадар шикоят қилиш судда низолашишнинг мажбурий шарти этиб белгиланмоқда. Бироқ, Конституциянинг 55-моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Бу эса ижро жараёнида турлича талқин қилиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида чалкашликларни келтириб чиқариш хавфини туғдиради.
Маъмурий органлар томонидан қарорлар қабул қилиш ва уларни шикоят қилиш тартиблари аниқ ва мукаммал белгиланмагани сабабли ушбу нормалар амалиётда фуқаролар манфаатларини тўлиқ ҳимоя қила олмаслиги мумкин.
Қонунда айрим талабларни маҳаллий даражадаги давлат органлари томонидан тўлиқ бажариш учун ташкилий-ҳуқуқий ва инфратузилмавий шароитлар етарли даражада баҳоланмаган.
Сенаторларнинг таъкидлашича, маъмурий тартиб-таомилларни тартибга солувчи қонун тўлиқ ва мукаммал бўлиши, жамиятда бюрократияни қисқартиришга ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳақиқатда ҳимоя қилишга хизмат қилиши шарт.
Муҳокама якунида Сенат аъзолари қонунни тақдим қилинган таҳрирда маъқуллаш мақсадга мувофиқ эмас, деган хулосага келиб, уни рад этди.
Н.Абдураимова, ЎзА