Сенат: ёшларда юксак фуқаролик масъулияти ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш зарур
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ташаббуси билан Ёшлар куни доирасида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси курсантлари парламент юқори палатаси фаолияти билан танишди.
Тадбирда асосий эътибор ёшларнинг парламент фаолияти, қонун ижодкорлиги жараёни ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳақидаги билимларини янада бойитиш, ёшларда юксак фуқаролик масъулияти ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилди.
Бўлажак қутқарувчилар Сенат фаолияти, конституциявий ваколатлари, қўмиталарининг асосий вазифалари ва қонунчилик жараёнидаги ўрни ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлди.
Мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, миллий хавфсизликни таъминлаш ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш соҳасида қабул қилинаётган қонунлар ҳамда парламент назоратининг аҳамияти юзасидан фикр алмашилди.

Курсантлар ўзларини қизиқтирган саволларига сенаторлардан батафсил жавоб олди. Ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларни давлат бошқаруви жараёнларига дахлдорлик руҳида тарбиялаш, янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этишга ундаш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА