Сенат ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда. Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.
Мажлиснинг биринчи иш кунида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат чегарасини қўриқлаш ҳамда ҳимоя қилишни янада кучайтириш, миллий гвардия фаолиятини такомиллаштириш, халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенцияга киритилган ўзгартиришлар билан боғлиқ баённомаларни ратификация қилишга оид қонунлар маъқулланди.
Мажлиснинг иккинчи иш кунида Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри ва Томди тумани, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ ва Жарқўрғон туманлари маъмурий-ҳудудий чегараларини ўзгартиришга доир масалалар кўриб чиқилади.

Ялпи мажлисда ер ва кўчмас мулк муносабатларини тартибга солиш ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи ҳамда мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш ва никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилади.
Ялпи мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида батафсил ёритиб борамиз.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров(сурат), ЎзА