Сенат Раиси: Инсон қадрига йўналтирилган ислоҳотлар – тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва халқаро эътироф омили
Халқимиз фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ягона мақсад — инсон қадрини улуғлаш тамойили атрофида бирлашган. Бугун юртимиз шу асосда тараққиётнинг янги босқичига қадам қўймоқда.
Бу Сенат ялпи мажлисида алоҳида эътироф этилди. Сенат Раиси Танзила Норбоева Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ана шу жараённинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланганини таъкидлади.
– Юртимиздаги янгиланишлар ва ислоҳотлар натижалари нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юксак эътироф этилмоқда, – деди Т.Норбоева. – Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан олиб борилаётган очиқ ва конструктив мулоқотлар Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал жараёнлардаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганининг яққол тасдиғидир. Бу ҳолатни Бишкекда бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасидаги мулоқотлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Президентимиз томонидан илгари сурилган конструктив ғоя ва ташаббуслар мамлакатимизнинг тинчлик, барқарорлик ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги фаол позициясини яна бир бор намоён этди.
Самарқанд шаҳрида ўтказилган Парламентлараро иттифоқ (ПИ)нинг Ёш парламентарийлари XII Глобал конференцияси шу йўналишдаги муҳим қадам бўлди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида ташкил этилган ушбу нуфузли анжуманда дунёнинг 60 га яқин давлатидан ҳамда 10 дан зиёд халқаро ташкилотдан юзлаб вакил иштирок этди.
Конференцияда инсон ҳуқуқлари, адолат ва инсоний қадр-қимматни таъминлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, низолар шароитида ёшлар ҳуқуқлари, рақамли ҳуқуқлар ва хавфсизлик, иқлим ўзгариши, муносиб меҳнат ва ёшлар бандлиги, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш, уларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ёш парламентарийлар ўзаро фикр ва тажриба алмашди. Улар Ўзбекистонда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар ва эришилаётган натижаларга юқори баҳо берди.
Конференция доирасида Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришишда парламентларнинг ролини кучайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Маълумки, барқарор ривожланиш иқтисодий тараққиёт билангина чекланмай, инсон ҳуқуқлари, ижтимоий адолат, экологик барқарорлик ва муносиб турмуш шароитларини таъминлашни ҳам қамраб олади. “Ўзбекистон - 2030” стратегияси мамлакат тараққиётининг узоқ муддатли устувор йўналишларини белгилаб берган муҳим дастурий ҳужжат сифатида барқарор ривожланиш мақсадлари билан уйғунлашган.
Президентимиз ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясида БРМга эришишда парламентларнинг ролини кучайтиришга оид резолюциянинг қабул қилингани Ўзбекистоннинг бу борадаги миллий тажрибаси халқаро миқёсда эътироф этилаётганининг муҳим ифодаси бўлди.
Глобал конференцияси якуни бўйича қабул қилинган Якуний ҳужжатда мазкур резолюция ва глобал мажбуриятларни миллий чора-тадбирларга татбиқ этишда парламентлараро ҳамкорликнинг аҳамияти алоҳида қайд этилди.
– Самарқанддаги халқаро анжуман Ўзбекистоннинг нуфузи ошиб бораётганини яна бир бор намоён этди. Бироқ ҳар қандай халқаро эътироф, аввало, янги масъулият ва вазифаларни юзага келтиради. Шу нуқтаи назардан, эндиги асосий вазифамиз – Президентимизнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган мурожаати ҳамда конференция якунлари бўйича қабул қилинган Якуний ҳужжатда илгари сурилган ташаббусларни ПИ, БМТ ва бошқа халқаро мулоқот платформаларида фаол илгари суриш, эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлашдан иборат. Бунинг учун масъул тузилмалар билан ҳамкорликда аниқ қўшма дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш механизмларини белгилаш ва энг муҳими, эришилган келишувларни аниқ натижага айлантириш даркор, – деди Сенат Раиси.
Норгул Абдураимова, ЎзА