Танзила Норбоева: Камбағалликни қисқартириш рақамларни эмас, балки инсоннинг ҳаётини ўзгартиришдир
Сенатнинг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида маъруза қилган Сенат Раиси Танзила Норбоева Президентимиз Мустақиллик байрами тантанасидаги нутқида таъкидлаган муҳим фикрга алоҳида урғу берди: мустақилликнинг буюк аҳамияти, аввало, инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, муносиб ҳаёт кечириши учун яратилган имкониятларда намоён бўлмоқда.
Сўнгги ўн йилда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларнинг замирида ҳам ана шу эзгу мақсад – инсон қадрини юксалтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва ҳар бир оиланинг муносиб даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш ғояси мужассам.
– Юртимизда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 4 фоизга тушди, – деди Т. Норбоева. – Бунинг ортида шунчаки эҳтиёжмандларга моддий ёрдам тарқатилгани, ишсизлар иш билан таъминлангани ёки тадбиркорларга кредит ажратилгани эмас, балки натижанинг ортида маҳалла, кўча ва керак бўлса, хонадонбай ёндашув асосида амалга оширилган тизимли ва тинимсиз меҳнат, қатъият ва талабчанлик, ижтимоий адолат ва меҳр-мурувват каби муҳим омиллар турибди.
Дарҳақиқат, йил бошига нисбатан эҳтиёжманд аҳоли сонининг 2,2 миллиондан 1,5 миллионга камайгани, 49 туман ва қарийб 3,5 минг маҳалланинг ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айланиб бораётгани мазкур ёндашувнинг амалий самараси яққол намоён бўлаётганини кўрсатади.

Давлатимиз раҳбари конкрет лойиҳалар ва аниқ натижалар асосида йил якунига қадар 350 минг нафар аҳолини доимий иш билан таъминлаш, яна 1 миллион нафар аҳолининг даромадини ошириш ҳамда 230 мингта оилани камбағалликдан чиқариш бўйича аниқ механизмлар берди. Бунда асосий ваколат ва ресурсларни туман даражасига тушириш, эҳтиёжманд аҳолини Ижтимоий реестрга киритиш мезонларини қайта кўриб чиқиш, бола парвариши билан банд ота-оналарнинг меҳнат қилиши ва даромад топиши учун маҳалланинг ўзида қулай шароитлар яратиш каби чора-тадбирлар алоҳида аҳамият касб этади.
Камбағалликни қисқартириш билан боғлиқ жараёнларга деярли барча давлат ва жамоат ташкилотлари сафарбар этилгани таъкидланди. Жумладан, бу жараёнда Сенат аъзолари ҳам фаол иштирок этмоқда. Сенат Раиси Навоий вилоятида, ундан аввалроқ Хоразм вилоятида бўлиб, маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорликда ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш масаласи бўйича амалий чораларни кўриб чиқди. Эҳтиёжманд оилаларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш, маҳаллаларнинг ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш бўйича белгиланган вазифалар ижроси устидан самарали депутатлик ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйишнинг янги механизмлари жорий этилди.
Бу жараёнда, энг аввало, аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйиш, янги тизимнинг мақсад ва вазифаларини, унинг ҳар бир оила учун қандай имкониятлар яратишини содда ва тушунарли тарзда кенг тушунтириш муҳимлиги ялпи мажлисда таъкидлаб ўтилди. Парламент ва депутатлик назоратининг таъсирчан механизмлари – депутатлик сўровлари, парламент ва маҳаллий кенгаш эшитувлари, жойлардаги ўрганишлар орқали камбағалликни қисқартириш бўйича янги тизим асосида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини мунтазам равишда ўрганиб борилади.
– Бироқ назоратнинг ўзи билан чекланиб қолмаслик керак. Назоратнинг асосий мақсади – камчиликни аниқлаш эмас, балки унинг сабабини очиш, тизимли муаммоларга ечим топиш ва масъуллар билан биргаликда натижага эришишдир. Зеро, камбағалликни қисқартириш – бу рақамларни ўзгартириш эмас, балки инсоннинг ҳаётини ўзгартириш, оиланинг эртанги кунига ишончини мустаҳкамлаш, фарзандлар учун муносиб келажак яратиш демак. Шу маънода, ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон тақдирига эътибор билан ёндашиш, берилган имкониятларни аниқ натижага айлантириш – барчамизнинг умумий масъулиятимиз, – деди Сенат Раиси.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА