Сенат: қандай амалий натижаларга эришилмоқда? (+видео)
2026 йил 7-8 август кунлари Олий Мажлис Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ялпи мажлисда Янги Ўзбекистонда инсон қадрини таъминлаш, аҳоли учун муносиб ва қулай шароитлар яратишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этаётгани таъкидланди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева мамлакатимиз иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолаётгани ва халқаро майдондаги нуфузи ошиб бораётганини қайд этди.
– Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида иқтисодиётнинг 8,5 фоизга ўсиши, шунингдек, нуфузли халқаро рейтинг агентликлари томонидан Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги бир поғонага оширилгани амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилаётганининг яққол тасдиғидир, - деди Т.Норбоева. – Биринчи ярим йиллик якунлари ва истиқболдаги устувор вазифалар муҳокамасида Президентимиз бугунги мураккаб глобал шароитда 40 миллионлик халқимизнинг ҳаёт сифатини янада юксалтириш учун иқтисодий ўсиш суръатларини жадаллаштириш, ҳар бир раҳбар ва мутасаддидан юксак масъулият, ташаббускорлик талаб этилишини алоҳида таъкидлади. Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, ўтган олти ой Сенат учун ҳам сермаҳсул ва масъулиятли давр бўлди.
Ушбу даврда қонунчилик фаолияти доирасида шахс, жамият ва давлат манфаатларини таъминлашга қаратилган 40 та қонун кўриб чиқилди. Конституциявий ваколатлардан келиб чиққан ҳолда 11 та қонунчилик ташаббуси илгари сурилди.
Парламент назорати доирасида давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларига оид 60 дан ортиқ назорат-таҳлил тадбирлари ўтказилди. Уларнинг қарийб 40 таси ҳудудларда маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорликда ташкил этилгани жойлардаги муаммоларни чуқур ўрганиш ва уларнинг амалий ечимларини ишлаб чиқиш имконини берди.
Сенаторлар ҳудудлардаги муаммоларни бевосита ўрганиб, уларни Сенат минбарига олиб чиқди. Жорий йилнинг биринчи ярмида 54 та сенатор сўрови юборилди.
Сенатга фуқаролардан 7,8 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди. Уларнинг аксарияти назоратга олиниб, мингдан ортиғи ижобий ҳал этилди.
Ялпи мажлисда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, пенсия таъминотини такомиллаштириш, хавфсизликни мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳим қонунлар маъқулланди.
Жумладан, ногиронлик пенсиясини проактив тарзда, яъни фуқаронинг алоҳида мурожаатисиз тайинлаш ва қайта ҳисоблаш механизми жорий этилмоқда. Пенсия миқдори энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлмаслиги белгиланди.
Шунингдек, 30 йилдан ортиқ ҳарбий хизмат қилган шахслар учун пенсияни ҳисоблашнинг энг юқори миқдори 75 фоиздан 100 фоизга оширилмоқда.
[gallery-30793]
Давлат бошқарувини такомиллаштириш, экстремизмга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар ҳам маъқулланди.
Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий маъруза эшитилди.
Ялпи мажлисда Самарқанд вилоятининг маъмурий-ҳудудий тузилишига оид масала ҳам кўриб чиқилди.
Умуман, Сенатнинг ўн саккизинчи ялпи мажлисида аҳоли манфаатларини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мамлакат тараққиёти учун муҳим бўлган қатор масалалар муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/xa5seif1Q7w" title="YouTube video player" frameborder="0" allowfullscreen></iframe>Норгул Абдураимова, Дониёр Ёқубов (видео), Носиржон Ҳайдаров (сурат), Искандар Исматов (монтаж), ЎзА