Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессиясидаги (COP31) нутқидан асосий фикрлар
– Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича глобал саъй-ҳаракатларни изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда. Янги тараққиёт моделини “яшил” технологиялар асосида, табиий ресурслардан оқилона фойдаланган ҳолда қурмоқда;
–Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти бирлигига тўғри келадиган газ чиқиндиларини 35 фоизга қисқартириш борасидаги мақсадини муддатидан олдин бажарди. 2035 йилга бориб, зарарли чиқиндиларни 50 фоизга камайтириш бўйича янги маррани белгилади;
–Ўн йил ичида иқтисодиётда сув сарфи деярли икки бараварга, ҳавзалардан олинаётган сув миқдори эса бешдан бир қисмга камайди. Суғориладиган ер майдонларининг 60 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий этилди;
–Ўзбекистон келгуси йилдан Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилади ва трансчегаравий ҳавзаларни бошқаришдек масъулиятли вазифани юқори савияда амалга оширишга тайёр;
–Ерларни кенг кўламда қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Ўрмонлар майдони олти миллион гектарга кўпайтирилди, унинг учдан бир қисми Оролбўйи ҳудудига тўғри келади;
–Уч миллиард доллардан ортиқ инвестиция йўналтириладиган “Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси” жорий этилди;
–Мамлакатнинг ҳар бешинчи фуқароси – мактаб ўқувчиси ёки талаба. Тизимли экологик таълим-тарбия туфайли 2050 йилга бориб, Ўзбекистон аҳолисининг тўртдан уч қисми табиатни асраш бўйича пухта билимга эга бўлади;
–Иқлим муаммоларига ҳеч бир давлат ёлғиз ҳолда ечим топа олмайди. Марказий Осиёда музликларнинг эриши, сув танқислиги, қурғоқчилик каби хатарларнинг кўлами ортмоқда. Умумий таҳдидлар минтақа давлатларидан муштарак ҳаракатларни талаб қилади;
–Марказий Осиёнинг Иқлим интеграцияси моделини ривожлантириш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу ҳамкорликни учта асосий йўналишдан бошлаш таклиф қилинди;
–Биринчиси – ахборот йўналиши. Жаҳон метеорология ташкилоти кўмагида иқлим хавф-хатарлари тўғрисида маълумот алмашиш инфратузилмасини яратиш зарур;
–Иккинчиси – технологик йўналиш. Ўзбекистон ҳар йили ўтказадиган Марказий Осиёнинг “Eco Expo” кўргазмасини минтақага мос замонавий экологик ечимлар берадиган доимий инвестиция ва технологиялар майдонига айлантиришни мақсад қилган;
–Учинчиси – молиявий йўналиш. Тараққиёт банклари ва мақсадли жамғармалар билан биргаликда Марказий Осиё учун янги кўмак воситалари – имтиёзли грантлар, шунингдек, “мовий” ва “арид” молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
ЎзА