Ўзбекистон Президенти иқлим интеграциясини ривожлантириш ташаббусини илгари сурди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу кунларда Анталия шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессияси (COP31) доирасида Жаҳон етакчилари саммитининг ялпи мажлисида нутқ сўзлади.
Саммитда дунёнинг 90 дан ортиқ мамлакати давлат ва ҳукумат раҳбарлари, етакчи халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар бошлиқлари иштирок этмоқда.

Давлатимиз раҳбари нутқининг аввалида Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғанга самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди ҳамда Туркия ва Австралия ҳамраислигида ўтаётган конференцияга юқори даражада тайёргарлик кўрилганини эътироф этди.

Мамлакатимиз етакчиси таъкидлаганидек, Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича глобал саъй-ҳаракатларни изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда ҳамда ўз тараққиёт моделини “яшил” технологиялар асосида, табиий ресурслардан оқилона фойдаланган ҳолда қурмоқда.

Халқаро ҳамжамиятнинг эътибори бу борада миллий миқёсда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ва эришилган натижаларга қаратилди.

Углерод чиқаришни камайтириш доирасида мамлакатимиз ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган газ чиқиндиларини 35 фоизга қисқартириш борасидаги мақсадини муддатидан олдин бажарди. 2035 йилга қадар ушбу кўрсаткични 50 фоизга етказиш бўйича янги марра белгиланди.

Сўнгги ўн йилда иқтисодиётимизда сув сарфи деярли икки бараварга, ҳавзалардан олинаётган сув миқдори эса бешдан бир қисмга камайди. Суғориладиган ер майдонларининг 60 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий этилди.

Ерларни қайта тиклаш бўйича олиб борилган кенг кўламли ишлар натижасида мамлакатимизда ўрмонлар майдони олти миллион гектарга кўпайтирилди, унинг учдан бир қисми Оролбўйи ҳудудига тўғри келади.

Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси ҳаётга изчил тадбиқ этилмоқда.

Ўзбекистонда юритилаётган давлат сиёсатида ёшлар масаласи марказий ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.

– Мамлакатимизда болаларнинг экологик тарбияси оила, маҳалла ва мактабдан бошланади. Ёш авлодга сувни тежаш, дарахтларни парвариш қилиш, атроф-муҳитни тоза ва озода сақлаш боғчаданоқ ўргатилади, – деди Ўзбекистон Президенти.
Юртимизнинг ҳар бешинчи фуқароси мактаб ўқувчиси ёки талаба экани қайд этилди. Бу эса 2050 йилга бориб Ўзбекистон аҳолисининг тўртдан уч қисми табиатга ғамхўрлик руҳида таълим олишини англатади.
Президентимиз келгусидаги қўшма саъй-ҳаракатлар борасида ўз нуқтаи назарини баён қилиб, иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларга ҳеч бир давлат якка ўзи ечим топа олмаслигини таъкидлади.
– Марказий Осиёда музликларнинг эриши, сув танқислиги, қурғоқчилик каби хатарларнинг кўлами ортмоқда. Умумий таҳдидлар минтақа давлатларидан муштарак ҳаракатларни талаб қилади, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу муносабат билан минтақавий Иқлим интеграцияси моделини ривожлантириш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу йўналишдаги ҳамкорликни учта асосий йўналиш бўйича бошлаш мақсадга мувофиқлиги билдирилди.
Биринчиси – ахборот йўналиши. Бу борада Жаҳон метеорология ташкилоти кўмагида иқлим хавф-хатарлари тўғрисидаги маълумотлар алмашинуви инфратузилмасини яратишга киришиш таклиф этилди.
Иккинчиси – технологик йўналиш. «Eco Expo» кўргазмасини минтақамизга мос замонавий экологик ечимлар берадиган доимий инвестиция ва технологиялар майдонига айлантиришга тайёрлик билдирилди.
Учинчиси – молиявий йўналиш. Маҳаллий шароит ва эҳтиёжлар ҳисобга олинадиган барқарор молиялаштиришни таъминлаш учун тараққиёт банклари ва мақсадли жамғармалар билан биргаликда янги кўмак воситалари – имтиёзли грантлар, шунингдек, “мовий” ва “арид” молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.
Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида конференция иштирокчиларини иқлим интеграцияси моделини амалий мазмун билан бойитишга чақирди ҳамда ушбу ҳаётий муҳим моделни дунёнинг барча манфаатдор минтақаларида қўллашни таклиф этди.